23:58 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев қишлоқлардаги сартарошхона ва жамоат ҳаммомлари эгаларини солиқдан озод қилди

17.07.2018 14:08 msk

Фарғона

Сирдарё вилоятидаги жамоат ҳаммоми. Esosedi.org сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев якка тартибдаги тадбиркорлар, қишлоқ инфратузилмалари учун фойдали фаолият юритаётган оилавий бизнес субъектлари учун қатор солиқ имтиёзларини тақдим этди. Бу тўғридаги қарор ҳукумат сайтида эълон қилинган.

Қишлоқ туманларида, бундан аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари мустасно, сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилади.

Якка тартибдаги табдиркорлар ҳар бир ёлланган ишчи учун қатъий белгиланган солиқ тўловидан озод этилади. Микрокредит олган юридик шахслар олти ойгача мазкур солиқдан ҳоли бўлади.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари 3 нафаргача доимий ишчиларни ёллашга, улар билан меҳнат шартномаси тузишга, шунингдек, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган яқин қариндошларини, шу жумладан, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган болалари ва невараларининг эр-хотинларини, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг эр-хотинларини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъекти иштирокчилари сифатида жалб қилишга ҳақли бўлади.

Мана шу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат муассасалари шаклида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш жамғармалари тузилади. Мазкур жамғармалар қишлоқ ва аҳолиси тирбанд туманлар аҳолисининг кам таъминланган қатлами учун иш ўринларини ташкил этаётган тадбиркорлар учун кредит бериш бўйича фаолият юритади.

Май ойидан қатор соҳалар учун имтиёзлар фақат президент қарори ва актлари орқали тақдим этилмоқда. Ҳукумат бундай имтиёзлар бериш ҳуқуқидан четлатилган, чунки аввали алоҳида корхоналарга бундай имтиёзлар берилиши оқибатида носоғлом рақобат муҳити шаклланган.

Аввали Мирзиёев логистик компаниялар, хориж футбол тренерлари, ҳусусий болалар боғчалари, бепул Wi-Fi тақдим этадиган компанияларга шу каби имтиёзларни берганди. Банклар “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури иштирокчиларига 3 фоизли имтиёзли кредитлар бериши керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги