13:26 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда хостеллар фаолиятига доир талаблар камайтирилди

12.07.2018 16:51 msk

Фарғона

Тошкентдаги хостел. Booking.com сайти фотоси
Ўзбекистон ҳукумати хостеллар (кичик меҳмонхона)ни ташкил қилиш ва юритиш бўйича тадбиркорлар ҳаражатини камайтиришга доир қарор қабул қилди. “Туристик хизматлар. Жойлаштириш маблағлари. Умумий талаблар” Oʻz Dst 3220 давлат стандартига ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, қатор талаблар бекор қилинган. Масалан, хостел, жамоат ва хизмат хоналари учун алоҳида кириш жойини ташкил этиш (беш қаватдан баланд уйларда алоҳида лифт ташкил этиш), сув захирасига эга идишларнинг мавжуд бўлиши, ҳар бир ташрифчи учун керакли майдонни ажратиш талаблари шулар жумласидандир. Хостел ходимларига ҳам бўлган талаблар сони ҳам камайтирилган.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирги кунда дунёда хостеллар мустақил, камҳаражатли туристлар учун қулай бўлган меҳмонхона, ётоқхоналардан бири саналади. Хостеллар асосан йирик шаҳарларнинг марказларида, тарихий обидаларга бой ҳудудларда, автобус ва темир йўл станцияларига яқин бўлган жойларда фаолият юритади. Шунингдек, улар тез-тез кўргазма, фестиваллар ўтказиладиган жойларда мавжуд. Туристларнинг бундай ерда яшаши, одатда шу манзилда жойлашган меҳмонхоналарга нисбатан арча арзон бўлади. Хостелларда меҳмонлар икки, уч қаватли ўриндиқларга жойлаштирилиши ва умумий ошҳона ва хожатхонлардан фойдаланиш эвазига бу ерда яшаш анча арзонга тушади.

Кейинги пайтлар Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга кўпроқ туристларни жалб қилиш мақсадида қатор ишларни амалга оширмоқда. Июнь ойидан чет элликларни 30 кунлик муддатга қабул қилиб олаётган жисмоний шахслар интернет орқали махсус дастур бўйича меҳмонларининг келган кунидан бошлаб қайддан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан ташқари, май ойида Ўзбекистон ҳукумати чет эллик туристлар учун вақтинча регистрациядан ўтиш амалиётига ўзгартиришлар киритди. Янги тартибга кўра, чет эллик меҳмоннинг Ўзбекистонда бир ой яшаши учун $13 миқдорида солиқ тўлови тўланади. Аввали бу тўлов $20 ташкил этиб, унинг неча кун бўлиши бундан мустасно эди. Жорий йилнинг февраль ойидан мамлакат бўйича саёҳат қилишни хоҳлаган ўзбекистонликлар учун сарф-ҳаражатнинг маълум қисмини давлат томони қоплайдиган бўлди. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» деб номланувчи дастур доирасидаги ташқи реклама Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қарорига кўра, ижтимоий рекламага тенглаштирилди. Яқин икки йил ичида ҳар бир вилоятда мазкур реклама учун юзга яқин экран ва панолар ажратилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги