01:57 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилди

12.07.2018 15:02 msk

Фарғона

Чингиз Айтматов. Respub.kg сайти фотоси
Тошкентнинг Бодомзор йўли кўчаси Чингиз Айтматов номига ўзгартирилди. Бу ҳақда 12 июль куни пойтахт ҳокимлиги хабар қилади.

Бу кўча Юнусободда жойлашган Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири саналади. Совет даврида мазкур кўчага Тимирязев номи берилган, кейинчалик у Ғани Мавлонов ва Ғофур Абдурашидов номларига ўзгартирилган. 2008 йилдан эса кўчага Бодомзор йўли номи берилганди.

Кўчага бундай ном берилиши машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 90-йиллик юбилейини нишонлаш доирасида амалга оширилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарорига биноан, 2018 йили мамлакат бўйлаб ёзувчи хотирасига бағишланган ижодий учрашув ва адабий кечалар уюштирилади. У ҳақда ҳужжатли ва бадиий фильм яратилади, спектакл қўйилади. “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номи билан хотира китоби нашр этилади.

Чингиз Айтматов 1928 йил 12 декабрда таваллуд топган. Ёзувчи 1968 йили “Алвидо, Гулсара!” повести учун давлат мукофотини қўлга киритади. Кейинчалик у “Оқ кема”, “Асрларга таътигулик кун”, “Кунда” асарларини чоп этади. Айтматовнинг сўнгги “Тоғлар қулаганда” ҳикояси 2006 йили нашр қилинган. 1990 ва 1991 йиллари Айтматов СССРнинг Бельгиядаги элчиси бўлиб хизмат қилади. 1994 йилдан 2006 йилга қадар Чингиз Айтматов Қирғизистоннинг Бельгия, Нидерландия, Люксенбург давлатларидаги элчиси бўлиб ишлайди. У 2008 йили 10 июнь куни даволанаётган Нюрнберг шаҳрида вафот этади. Дунёга машҳур ёзувчи Бишкек шаҳри яқинидаги «Ата-Бейит» тарихий мемориал мажмуасида дафн қилинган. Айтматов китоблари дунёнинг 170 дан ортиқ тилларига таржима қилинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги