13:26 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чорвоқдаги президент трассаси яқинидаги ўнлаб уйлар бузилди

12.07.2018 14:32 msk

Фарғона

Бузилаётган уйлардан бири. Ozodlik.org сайти фотоси
Ўзбекистонда тошкентликларнинг севимли орогоҳи — Чорвоқ сув омборига олиб борадиган трасса бўйидаги 28 та дала ҳовли уйлари бузиб ташланди, деб хабар беради «Озодлик».

Бузилган уй соҳибларидан бирининг фикрича, уйлар мажбуран, огоҳлантиришсиз бузиб ташланган. Унга уйларнинг бузилишини, уларнинг трассага яқин жойлашгани билан изоҳлаганлар. Уйи бузилган ишбилармон турли идораларга арз қилиб борган, лекин унинг шикоятини ҳеч ким инобатга олмаган.

Чорвоқ яқинидаги дала ҳовлилар кўпчилик учун тирикчилик манбаи ҳисобланади. Уй эгалари уйларини дам олишга келган тошкентликлар учун ижарага беришади. Маҳаллий тадбиркор сўзларига кўра¸ бузилишлар дам олиш секторида ишлаëтган юзлаб кишиларни мавсумий даромаддан маҳрум қилган. «Чорвоқда барча дачадан тирикчилик қилади. Қўлимда уч оиладан 12 киши ишлайди. Булар ишсиз¸ уч оила даромадсиз қолди»¸ - дейди тошкентлик тадбиркор.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, уйларни бузиш ишларига шахсан Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилган.

Бўстонлиқ туман ҳокимлиги вакили вазиятни шундай изоҳлайди:

- Бузиш ҳақида қарор бор. Ҳоким қарори. Бузилаëтган уйларнинг кўпи ноқонуний тикланган. Кадастрда битта вагончик деб ëзилган¸ бориб текширсанг - бир қаср турибди. Шу йил май ойида Бўстонлиқда прокуратура текшириш ўтказди. 2018 йил январидан то майгача Бўстонлиқ туманида 93 та ҳолатда 450 гектар ер майдони ноқонуний равишда бериб юборилгани аниқланди. Шунга қарамасдан¸ инсонпарварлик нуқтаи назардан бузилган уйлар учун товон беришни ваъда қилдик. Президент трассасидан узоқроқ жойдан ер учаcткаси ажратамиз¸ - деган ҳокимлик вакили.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги