02:05 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нукус аэропортининг йўловчиларни қабул қилиш имконияти икки баробарга кўпайди

11.07.2018 16:43 msk

Фарғона

Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда реконструкция ишларидан сўнг аэровокзал мажмуаси ишга туширилди, деб хабар беради «Ўзбекистон ҳао йўллари» миллий авиакомпаниясининг матбуот хизмати. Аэропортнинг янги очилган терминали ҳисобига йўловчиларни қабул қилиш имконияти икки баробарга ошди.


Нукус аэропортининг янги терминали. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати фотоси

Реконструкцияга қадар Нукус аэропорти бир соатда 200 нафар пассажирга хизмат кўрсатиш имкониятига эга эди. Янги терминал сотига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш имконини беради. У замонавий ускуналар билан жиҳозланган, учишдан олдинги назорат қилиш майдони кенгайтирилган, регистрация йўлаклари кўпайтирилган. Ҳозирда йўловчилар маҳаллий ва ҳалқаро авиалиния залларидан, оналар ва болалар хонаси, тиббиёт пункти, номозхона, валюта айирбошлаш шаҳобчаси, сувенир дўконлари, кафе-бардан фойдаланишлари мумкин.

Янги терминал дизайнини ишлаб чиқишда Қорақалпоғистоннинг иқлимий шароити ҳисобга олинди. Бинода авиация хавфсизлигини юқори даражада таъминлайдиган замонавий инженерлик ва технологик жиҳозлар ўрнатилган. «Ўзбек авиалинияси» ходимлари таъкидлашича, ўрнатилган барча замонавий жиҳозлар йўловчилар ва уларнинг юкларига жаҳон стандартида хизмат кўрсатиш имкониятини беради. «Терминалнинг пассажирларга хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилгани йўловчиларга қулайлик яратиш билан бирга, янги йўналишлар очилиб, туристлар оқимини кўпайтириш ва чет эллик авиаташувчи компанияларини жалб қилишда ҳам ижобий роль ўйнайди», - дейилади хабарда.


Янги терминал интерьери. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати фотоси

Нукус аэропорти 2017 йили май ойида реконструкция қилиши учун ёпилганди. Барча ҳалқаро парвозлар Нукусдан 160 км олисдаги Урганч аэропортига вақтинча ўтказилган эди.

«Нукус» аэропорти 2012 йили бундан бир йил аввал учиш-қўниш қўниш йўлакларининг реконструкция қилиниши натижасида халқаро аэропорт мақомини қўлга киритганди. Аэропортнинг учиш-қўниш йўлагининг узунлиги уч минг метрни, эни 45 метрни ташкил этади. Аэродромда замонавий чироқ сигналлари ва аэронавигация жиҳозлари ўрнатилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги