13:13 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда хориж туристларининг сони бир йилда икки баробарга ошди

11.07.2018 16:32 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги туристлар. Uza.uz сайти фотоси
2018 йили Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эллик туристларнинг сони деярли икки баробарга ортган. Бу ҳақда 11 июль куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга 2.688.962 нафар чет эл фуқароси кириб келган ва бу ўтган йилгига нисбатан 91,6% кўп демакдир. Бу кўрсатгич асосан 2018 йил февралда виза бекор қилинган давлат фуқаролари ҳисобига ортган. Масалан, Индонезиядан келаётган сайёҳлар сони уч баробарга ортган (750 одам), Сингапурдан – 2,5 баробар (424 одам) га ортган. Туркиядан келаётган инсонлар сони 95,9%, Япониядан – 68,1%, Исроилдан – 86,2% ортган. Май ойига қадар Жанубий Корея ва Малайзиядан келаётган туристлар оқими пасайганлиги кузатилган. Лекин июнь ойида жанубий кореяликлар сони 57,5%, малайзияликлар сони эса – 2,6 баробарга ошган.

2018 йил январда туризм қўмитаси 2017 йили Ўзбекистонга 2,5 миллион туристлар ташриф буюрганини маълум қилганди.. Лекин май ойида машкилот уларнинг сони бўрттириб кўрсатилганини тан олди. Қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг метологияси бўйича ҳисоб юритилгани, яъни мамлакатга кириб келган барча одамлар “турист” деб ҳисобланганини айтиб ўтди. Лекин амалда Ўзбекистонга ташриф буюрган меҳмонларнинг 70-80% қариндош-уруғларини кўргани келган ёки меҳнат учрашувларига ташриф буюрган одамлардир. Улар туризм индустрияси ривожига ҳисса қўшмайдилар – сувенирлар сотиб олмайдилар, экскурцияларга бормайдилар, кўпинча меҳмонхонада тунамайдилар. Абдуҳакимов ҳисоб-китобига кўра, 2017 йили Ўзбекистонга келган 200 минг одамни тўлиқ маънода турист деб аташ мумкин. Туризмни ривожлантьириш давлат қўмитаси яқин орада ушбу рақамни 350 минг кишига, 2020 йили эса - 500 минг кишига етказишни режалаштирган.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги пайтлар туризмни ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. 2018 йил февралида президент Шавкат Мирзиёев туристларнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши қоидаларини максимал даражада осонлаштирди. «Турист ички ишлар органлари идораларида юрмасдан, саёҳат қилиши керак», – деди у. Шу ойнинг ўзида туристларга ҳеч бир тўсиқсиз фототасвирга олишга руҳсат берилди. Кейинчалик чет эл фуқаролари учун онлайн-регистрация жорий қилинди. Июль ойи ўрталаридан Ўзбекистонда электрон визалар, 16 ёшгача болалар учун визасиз кириш амалиёти ва транзит йўловчилари учун мамлакатда беш кун визасиз туриш қоидаси жорий қилинади. 2019 йилдан мамлакат фуқаролари учун чет элларга чиқиш учун бериладиган махсус чиқиш визасининг бекор қилиниши режалаштирилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги