01:53 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон миллий кутубхонаси республикада энг кўп мутолаа қилинаётган газета “Халқ сўзи” эканини маълум қилди

10.07.2018 17:13 msk

Фарғона

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биноси. Uznews.uz сайти фотоси
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 2018 йил давомида энг кўп фойдаланилган нашрлар статистикасини эълон қилди. Унда «Халқ сўзи» газетаси ва Александр Дюманинг «Граф Монте-Кристо» романи етакчи ўринни эгаллаган.

Адабиёт бўйича энг кўп мутолаа қилинган асарлар ичида иккинчи ўринни Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи, учинчи ўринни ҳазрат шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтли оила” китоби эгаллаган. Энг кўп сўралган бешлик китоблари орасидан Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” романи ва Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” ўрин олган.

Фойдаланувчилар томонидан китоблар билан бирга вақтли матбуот нашрларига ҳам буюртмалар амалга оширилган. Вақтли матбуот нашрлари таҳлили ҳам ўтказилган. Жами даврий матбуот нашрларига буюртмалар (газета ва журналларга) 613045 нусхани ташкил этган. Шундан 392450 таси газеталар ҳисобига тўғри келади. Ундан энг кўп сўралган 5 номдаги газеталар (251168 та) умумий буюртма қилинган газеталарнинг қарийб 64% ни ташкил этган. «Халқ сўзи» дан сўнг иккинчи ўринни «Ўзбекистон овози» , «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» учинчи ўринни, «Ҳуррият» тўртинчи ўринни, «Ишонч» газетаси эса бешинчи ўринни эгаллаган. Номи олинган барча газеталар оммавий-сиёсий нашрлар ҳисобланиб, уларда кўпинча янги қонунлар, фармон ва қарорлар чоп этилади. Масалан, бундай маълумотлар талабаларнинг реферат ёзиши, нутқ тайёрлаши ва бошқа ишларда жуда керак бўлади.

Журналлар ичида ўзбек тилида ва Россияда чоп этиладиган нашрлар алоҳида ўринларни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ханузгача газета ва журналларга мажбурий обуна бўлиш одати совет давридан мерос бўлиб қолган. Даврий нашрларга обуна бўлишга аҳолининг барча қатлами, асосан бюджет ташкилоти ходимлари мажбур қилинади. Бироқ, ўтган йили телевидение орқали чиқиш қилган “Халқ сўзи” газетасининг бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов мамлакатда мажбурий обуна йўқлигини таъкидлаган. «Газета – бу мафкурадир. Биз жойларда одамларнинг газетамизга бўлган қизиқишини орттирамиз. Сиз буни мажбурий обуна, деб атаяпсизми? Бу мутлоқ нотўғри нарса. Бизда газетага обуна бўлишда одамлар мажбур қилинмайди!» - деган Жабборов.

Апрель ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев махсус қарорга имзо чекди. Унга кўра, саноат корхоналари, компания ва банклар республика Ёзувчилари иттифоқи таъсис қилган нашрларга молиявий ёрдам кўрсатишлари керак. Масалан, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига AKFA МЧЖ, «Шарқ юлдузи» журналига — IMZO МЧЖ, «Амударё» журналига – «Ўзқурилишматериаллари» акционерлик жамияти молиявий кўмак бериши керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги