01:55 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада полициячига қаршилик кўрсатгани учун ўзбек мигрантига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

10.07.2018 10:35 msk

Фарғона

Москвада 24 ёшли ўзбекистонлик ишчи мигрант Актам Аҳматовга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 318 - моддаси (полиция ходимига қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Уни полиция ходими ушлаш пайтида орқасидан ўқ узиб яралайди ва оқибатда айбланувчи ўнг буйрагисиз қолади. Аҳматовни қамоқ жазоси кутмоқда, деб ёзади «Новая газета».


Актам Аҳматов касалхонада. Novayagazeta.ru сайти фотоси

Воқеа Москванинг шарқий маъмурий округида жойлашган Косино-Ухтомский районида содир бўлади. 20 март куни Аҳматов қариндоши билан Навруз байрамини нишонлаб, машинада сайр қилмоқчи бўлади ва полициялар томонидан калтакланиб, қўлга олинади. У ўша кунги воқеани яхши эслолмайди, чунки маст ҳолатида бўлган ва русчани яхши билмагани боис полициячилар ундан нима хоҳлашини тушунмаган.

Полиция ходими Байков кўрсатмасига асосан, у автомобиллар турадиган жойда юк машинасидан аккумлятор ўғирламоқчи бўлган иккита одамни кўради ва уларни қўлга олмоқчи бўлади. Полиция ходими сўзларига кўра, Аҳматов қўлга олиш пайтида унга қаршилик кўрсатади. Байков кўрсатмасида Аҳматовни “”жисмонан бақувват, қўл жанги билан шуғулланган” деб таърифлайди ва мигрант полициячини бошига уриб, қулатади, қўллари билан бўғмоқчи бўлади. Тергов материалларида полициячи табел қуролини эгалламаслиги учун гумондаги шахсни отишга мажбур бўлгани ёзилади. Аҳматов ўрнидан туриб қочади ва 100-200 метр юргач, деворга суяниб қолади. Полиция ходими мана шунда уни ҳибсга олади.

Аҳматов сўзларига кўра, у полициячига қаршилик кўрсатмаган, ҳатто нималар бўлаётганини тушунмаган. Полициячи пистолетини чиқариб, унинг бошига тирайди ва бирга юришга мажбур қилади. “Орамиздаги масофа икки, уч метр эди, у ортига қараб яқинлашмаслигимни айтди. Пистолет менга қаратилган эди”, — дейди мигрант. Кейин полициячи қоқилиб тушади ва мигрант сўзларига кўра, уни ҳеч бир огоҳлантиришсиз отиб ташлайди. Ўқ белдан кириб, қорин ёнбошидан чиқиб кетади.

Полиция бўлимида Аҳматов кўрсатмани ўқимаган ҳолда имзолайди, чунки рус тилини билмаган. Ўша куни аккумлятор ўғирлаганликда гумонланиб Аҳматовнинг танишлари қўлга олинади. Артур Мадиев ва унинг дўсти кўрсатмасига биноан Аҳматов бўлажак ўғирлик ҳақида билган ва иккиси аккумляторни ечаётган пайт, “вазиятни кузатиб турган”. Аҳматов адвокати Шуҳрат Ҳамрақулов сўзларига кўра, гувоҳлик берган йигитлар ҳам протоколни ўқимасдан имзолаганлар, кейинчалик Аҳматов ўғирликда иштирок этмаганлигини таъкидлаганлар.

Яраланган Аҳматовни Новогирееводаги №70 касалхонага олиб боришади ва у ерда унинг буйрагини олиб ташлашади. У полиция назоратида бир ҳафта ётади. Айбланувчининг сўзларига кўра, уни кроватга кишанлаб қўйишган, ҳаттоки қашиниш учун ҳам унда имконият бўлмаган. “Улар мени таҳқирлашди, ётганимни видеотасвирга олишди. Кечалари баланд овозда кино кўриб, музика эшитиб, “сен туфайли ухлолмаяпмиз” деб менга уйқу беришмади”, — деб Аҳматов сўзларини келтиради 26 март куни касал олдига киришга эришолган адвокат Ҳамрақулов.

Перов район суди Аҳматовни ҳибсда ушлаб туришга қарор чиқаради. Судя унинг регистрацияси йўқлиги, терговдан яшириниши мумкинлиги инобатга олиб шундай қарор чиқаради. Оғир аҳволдаги Аҳматовни “Матросская Тишина” қамоқхонасининг шифохонасига юборишади. Орадан бир ҳафта ўтиб, Медведководаги №4 СИЗО касалхонасига юборишади. У ерда Аҳматов ярасини ўзи боғлашига тўғри келади, орада унинг яраси йиринглаб, кўричаги оғрий бошлайди. 14 май куни Москва шаҳар суди Аҳматовни уйда ҳибсда ушлаб туриш қарорини чиқаради. Уйдан уни дарҳол Юдин номидаги касалхонага ётқизишади. Ҳозирда у касалхонадан чиққан, лекин ярасини боғлатиш учун у ерга қатнаб туради.

Аккумлятор ўғирлиги бўйича қўзғатилган жиноий ишга доир тергов ишлари якунига етган. Агар прокурор ишни қайта кўриб чиқишга қарор қилмаса, иш судга оширилади. Мигрант ҳимоячиси полиция ходими ноўрин қуролдан фойдалангини исбот қилишга уриняпти. «Ўғирлик содир этилган чоғда ҳам бу ўрта оғирликдаги жиноят саналади. Полиция ходими оғир, ўта оғир жиноят содир этилаётгандагина табел қуролидан фойдаланишга ҳақли», — дейди адвокат. Тергов қўмитаси полиция ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатишдан бош тортган.

Аҳматов Самарқанддаги коллежда ҳайкалтарошлик касбига ўқиган, Москвада бўёқчилик касби билан шуғулланади. У ўн йилдан бери Москвага келиб ишлайди, икки боланинг отаси, хотини учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Аҳматов ягона ўғил, унинг онаси иккинчи гуруҳ ногиронидир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги