01:57 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига кўмак берадиган жамғарма тузилади

06.07.2018 11:51 msk

Фарғона

Migrant.ru сайти фотоси
Ўзбекистон хорижда ишлаётган фуқароларига кўмак бериш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун яратиладиган жамғарма учун бюджетдан 200 млрд сўм ($26 млн) ажратади. 5 июль куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган республика ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорда мана шу масалалар кўзда тутилган.

Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига киритилади ва ҳар қандай солиқ тўловларидан озод этилади ва ҳайрия маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Унинг асосий вазифалари қаторига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш масалалари киради.

Жамғарма меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан кўмак беради. Шунингдек, у тиббий хизмат кўрсатиш, ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш, депортация қилинган фуқароларнинг ватанига қайтишига ёрдам бериш билан шуғулланади. Жамғарма вазифаларига республика ҳудудларида хорижга ишлагани кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш масалалари ҳам киритилади.

Республика раҳбарияти 1 августдан меҳнат миграцияси масаласи бўйича ташвиқот ишларини бошлайди, сентябрь ойидан эса фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ишлари билан шуғулланади.

Қарор бўйича хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига киритилади.

Ҳужжатда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам кўрилган. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда минимал рентабелли янги иш ўринларини яратишга қаратилган ижтимоий корхоналарни давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклифлар киритиши лозим.

Бундан ташқари, қарорга кўра 2018 йил 1 сентябрдан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилган лицензияга асосан юридик шахслар ўзбекистонлик фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришлари мумкин.

Апрель ойида президент Ўзбекистон Ташки ишлар вазирлигини хориждаги ватандошлар билан етарли даражада муносабатлар ўрнатмагани учун танқид қилганди. У вазирликка қийин аҳволга тушиб қолган юртдошларга кўмак бериш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида топшириқлар берганди.

Ташқи ишлар вазирлигининг июнь ойида эълон қилган баёнотида хориждаги ватандошларга кўмак бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани кўрсатилган.

Чет элларда ишлаб юрган ўзбекистонликлар 2018 йилнинг биринчи кварталида она ватанига $949,4 млн пул ўтказганлар. Маблағнинг 77% ($733 млн) Россияда ишлаб юрган меҳнат мигрантлари ҳиссасига тўғри келади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги