03:01 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Япония раҳбар кадрларни ўқитиш учун яна $2,4 млн маблағ ажратди

05.07.2018 15:55 msk

Фарғона

Грант олиш борасида нота имзолаш маросими. Invest.gov.uz сайти фотоси
Япония ҳукумати ўзбек мулозимлари ва давлат компанияси ходимларини ўқитиш, кадрлар тайёрлаш ва уларни стипендиялар билан таъминлаш лойиҳаси (JDS) доирасида Ўзбекистон учун яна 262 млн иен ($2,4 млн) маблағ ажратди. Бу борадаги шартнома 5 июль куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Ито ва инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Вафоев ўртасида имзоланди, деб хабар беради ташкилот сайти.

Лойиҳа доирасида давлат идоралари ходимлари 2019-2020 йиллари Япония университетларида магистр ва докторлик даражасини ёқлашлари мумкин. Дастур талабига кўра, ўқишни тамомлаган раҳбар ва давлат компаниялари ходимлари ишларига қайтиб, ўз соҳасида яна уч йил меҳнат қилиш беришлари керак.

JDS дастури Ўзбекистонда 18 йилдан бери амалга оширилиб келади. Бугунги кунда дастур доирасида 311 нафар стипендиат “Кун чиқиш” мамлакатига ўқишга юборилган.

2015 йили Япония Ўзбекистонга давлат хизматчиларини ўқитиш мақсадида 211 млн иен ($1,69 млн) миқдорида грант ажратганди. Орадан бир йил ўтиб, 459 млн иен ($4,37) миқдорида келишув имзоланди. 2017 йили ўзбек мулозимларини ўқитиш учун Япония ҳукумати 261 млн иен ($2,2 млн) маблағ ажратди.

JDS дастури Япония ҳукумати томонидан 1999 йилдан бери амалга оширилиб келинади. Унинг мақсади - ривожланаётган мамлакатларги кадрлар малакасини оширишдан иборатдир. Бугунги кунга келиб 13 та давлатга ўқув дастури учун грант ажратилган ва уларнинг ичида Ўзбекистон билан бўлган алоқа узоқ тарихга эга. JDS дастури, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам амалга оширилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги