13:14 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларнинг қандай валюта айирбошлашини белгилаб берди

05.07.2018 09:24 msk

Фарғона

Ozodlik.org сайти фотоси
Ўзбекистон Марказий банк Бошқаруви 2018 йил 29 июнь №3029 қарори билан тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишнинг янги тартиби тасдиқланди Norma.Uz нашри 4 июлда мазкур ҳужжатни таҳлил қилиб, ундаги асосий ўзгартиришларни аниқлади.

Эндиликда жисмоний шахслар халқаро тўлов карталаридаги (ХТК) маблағларни валюта айирбошлаш шохобчасидаги тўлов терминаллари ёки банкоматлар орқали миллий ёки хорижий валютада нақд пул шаклида ечиб олишлари мумкин. Аввали автоматлаштирилган банк шахобчалари 2018 йил 1 ноябрида пайдо бўлиши ҳақида хабар берилганди. Иккинчи янги қоида – валюта айирбошлаш шохобчалари энди ХТКдаги маблағларни нақдлаштириш билан бир қаторда божхона чегарасида божхона тўловлари ва йиғимларини қабул қиладиган бўлди.

Бундан ташқари, мамлакатда банк ҳисоб варақларига масофадан хизмат кўрсатиш махсус дастури жорий қилинмоқда.

Бунинг учун дастурни компьютер, планшет, уяли телефон ёки бошқа тегишли қурилмаларга юклаб олиш ҳамда ундан фойдаланиш шартлари билан боғлиқ офертани қабул қилиш лозим.

2013 йилга қадар Ўзбекистонда хориж валютасини сотиб олиш мушкул иш бўлган. Ҳар бир резидент кварталда бир марта тижорат курсида, яъни бозор нархидан деярли икки баробар кам нархда $2000 гача маблағни сотиб олиши мумкин эди. Амалда эса “юқорида паноҳи” бор ёки ҳафталаб навбатда турган инсонларгина валютани сотиб олишлари мумкин бўлган. 2013 йили жисмоний шахсларга хориж валютасини сотиш бекор қилинди, бунинг ўрнига фуқароларга нақд пулсиз оддий банк картасидан халқаро карталарга пул ўтказиш усули тақдим этилди.

Шавкат Мирзиёв президент бўлиб сайлангандан кейин валюта сиёсатини либерализация қилиш ҳаракатлари бошланди. 2017 йил мамлакатда валюта соҳасида ислоҳотлар амалга оширила бошланди. 2017 йил сентябрь ойидан резидентлар валюта айирбошлаш пунктлари хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлдилар. 2018 йил январидан бошлаб эса Тошкентда биринчи валюта айирбошлаш шаҳобчалари ишга туширилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги