Тошкент бозорларидаги савдо ўринлари онлайн-аукцион орқали тақдим этилади

Бундай чора маҳсулот ишлаб чиқарувчилар йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш, савдо расталари ижарасини шаффоф ва қулай қилиш мақсадида кўлланилади. Бозорлардаги савдо ўринлари фақат давлат “Онлайн аукционларни ташкиллаштириш маркази”нинг E-JIRO AUKSION аукцион майдони орқали ижарага берилади. Лойиҳа 2019 йил 1 апрелдан 15 июлга қадар синовдан ўтказилади. Бўш ўринлар махсус мониторларда акс этади.
Шундан сўнг, 2019 йил 1 августга қадар Давлат солиқ қўмитаси мазкур лойиҳани республиканинг бутун озиқ-овқат бозорларида жорий қилиш учун ҳукуматга таклиф киритади.
Тошкент ҳокимияти Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва “Тошбозорсавдо” ассоциацияси билан ҳамкорликда 2019 йил 1 январига қадар шаҳардаги бозорлар маъмуриятининг тақдим этилажак савдо ўринларини қайддан ўтказиш ахборот тизимини ишлаб чиқариши керак. 1 мартга қадар мазкур тизим E-JIRO AUKSION аукцион майдонига бириктирилади.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан сўнг давлат идоралари интернетдан фаолроқ фойдаланидиган бўлди. Даставвал фуқароларнинг арз, шикоятлари қабул қиладиган президентнинг виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Вазирлик ва идоралар, шунингдек, айрим раҳбарлар ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўз саҳифаларини очдилар. Ҳукумат борган сари интернет орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турларини кенгайтирмоқда.