13:18 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси муқаддас жойларга зиёратлар уюштирадиган сайёҳлик агентлигини очди

04.07.2018 11:27 msk

Фарғона

Баҳоуддин Нақшбанд мавзолейининг олд қисми. Wikimedia.org сайтидаги Станислав Козловский фотоси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси муқаддас қадамжоларга зиёратлар уюштирадиган сайёҳлик агентлиги - «Muslim-tour»ни таъсис этди. Агентлик Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасидан туристик фаолият юритиш учун лицензия олган, деб хабар берилади диний идора сайтида.

Туристларнинг маълум қисмида Ўзбекистонда муқаддас саналмиш Баҳоуддин Нақшбанд мавзолейи, Барак хон мадрасаси, Тошкент вилоятидаги Зангиота қабри, Самарқанд вилоятидаги Имом ал Бухорий мавзолейларига бориш иштиёқи жуда кучли, лекин бу жойларга саёҳатни оддий турфирмалар уюштирадилар. Энди туризмнинг бу соҳаси диний идора назорати остида бўлади.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида ташкил этилган “Muslim-tour сайёҳлик агентлиги” маҳаллий ва хорижий саёҳатчилар учун мамлакатимиздаги йирик муқаддас жойларга зиёратлар уюштиришни режалаштириб, уларга яхши шароитлар яратган ҳолда мусулмон дунёсида Ўзбекистон нуфузини оширишни мақсад қилади», — дейилади агентлик матбуот баёнотида.

Диний идора одамларга халқнинг маданий, диний қадриятлари билан танишиш “бефойда ва тезда ёддан чиқиб кетадиган” кўнгилочар дам олишлардан устун эканини тарғиб қилади.

2017 йил туризм мамлакатдаги энг устувор йўналишлардан бири деб эълон қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев Давлат туризм қўмитасига яқин беш йилда туристлар оқимини икки баробарга оширишга доир топшириқ берди. Бундан аввал Мирзиёев диний ташкилотларга муқаддас жойларга зиёратлар уюштириш муҳимлигини айтиб ўтганди.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда дин масаласи қаттиқ назорат остида бўлган ва Мусулмонлар диний идораси доимо Миллий хавфсизлик хизматининг диққат марказида бўлган. Ўзбекистоннинг янги президенти ислом динининг гуманистик ғояларини тарғиб этиш, уларни ўрганишга изн берганидан сўнг мамлакатда дин борасида ижобий ўзгаришлар содир этила бошлади. Жумладан, янги таълим масканлари очилди, Қуръони карим тиловати, ҳадисшунослик бўйича хофизлар танловлари ўтказила бошлади, янги масжидлар очилмоқда. 2018 йил бошидан республикада 13 та янги масжид ўз фаолиятини бошлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги