01:56 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда минимал пенсия миқдори $3 га оширилди

03.07.2018 11:30 msk

Фарғона

Kun.uz сайти фотоси
Жорий йилнинг 15 июлидан бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,07 баробар оширилади. 2 июль куни республика президенти Шавкат Мирзиёев мана шу ҳақдаги фармонни имзолади.

Шундай қилиб, энг кам иш ҳақи 172.240 сўмдан ($21,91) 184.300 сўмгача ($23,44) ошади. Ёшга доир минимал пенсиялар 336.880 сўмдан ($42,86) 360.460 сўмгача ($45,86), болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа пули 23.580 сўмга ортиб ($3) , 336.880 сўмдан 360.460 сўмни ташкил этади. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган бир ойлик нафақа пули 221.190 ($28,14) сўмни ташкил этади. Аввали бу нафақа 206.720 сўм ($26,3) миқдорида эди.

Пенсия ва иш ҳақи охирги марта 2017 йил 1 декабрь куни оширилганди.

Ўзбекистонда нарх ошишига қараб ҳар ярим йилда энг кам иш ҳақи миқдорини ошириб боришга қарор қилинди. Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, инфляция 6,2 фоизни ташкил этган ва энг кам иш ҳақи миқдори бу кўрсатгичдан юқори саналади. Шу билан бирга Қўчқоров Халқаро валюта фонди ушбу рақамларни шубҳа остига олмаслигини айтади, зеро авваллари мазкур ташкилот ўзбек ҳукуматининг иқтисодий ҳолат бўйича тақдим этган маълумотларини тан олмаган.

Энг кам иш ҳақининг миқдори кўпгина тўлов, айрим солиқ ва товон тўловлари, шунингдек, жарималар билан чарбарчарс боғлиқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги