13:21 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Наманган вилоятида марҳумага коммунал хизматлар қарзига доир огоҳлантириш хати юборилган

02.07.2018 16:17 msk

Фарғона

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Мажбурий ижро бюроси (МИБ) 2003 йили оламдан ўтган Марҳабат Эшматовага коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш борасида огоҳлантириш хатини юборган, деб хабар беради “Озодлик” радиоси.


Марҳабат Эшматова номига ёзилган огоҳлантириш хати. Ozodlik.org сайти фотоси

Туман МИБ бошлиғи Фарҳод Қаюмов имзоси билан ёзилган хатда Эшматовадан зудлик билан Бюрога ташриф буюриши, ишлатилган газ ва электр учун ҳақ тўлаши талаб қилинади. Қарз миқдори 86.120 сўм ( $11) деб кўрсатилган.

Марҳумнинг қариндошлари Бюрога аёлнинг бундан 15 йил олдин вафот этгани, икки йил олдин эса унинг эри ҳам қазо қилгани, улардан қолган учта қиз фарзандни қаромоғига олишганини маълум қилишади. Уй аллақачон сотилган бўлиб, бошқа инсон номига расмийлаштирилган. Лекин Бюро ходимлари марҳумнинг қариндошларидан барибир Эшматова қарзини тўлашларини сўрайди. Қарз тўлангани ёки тўланмагани номаълум. Тўрақўрғон туманининг Мажбурий ижро бюроси бу борада ҳатолик юз берган бўлиши эҳтимоли айтиб, бирорта қўшимча маълумот бермаган.

Коммунал тўловлар бўйича кенг маълумотлар базасига эга бўлгани билан Бюрода ҳатоликлар тез-тез содир бўлиши қайд этилади. Масалан, Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи бир аёлга Бюро 400 минг сўм ($50) электрдан қарзи борлигини айтиб огоҳлантириш беради. Лекин аслида бу аёл ҳали электр симлари тортилмаган янги уй эгаси бўлиб чиқади.

Аввали хабар берилганидек, Хоразм вилоятида прокуратура терговчилари марҳумни «сўроқ қилиб», бечоранинг айбдор эканини «исбот» қилишган. Суд қарорига кўра, «марҳум» фирибгар деб топилади ва далил сифатида унинг оиласидан кўплаб пул ва қимматбаҳо буюмлар тортиб олинади. Берилган қарши даъво арзига кўра, суд ҳукми бекор қилиниб, айбланувчи оиласига тортиб олинган буюмлар қайтарилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармонига қўра, Ўзбекистон Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюроси 2017 йил 30 майда тузилган. Бюрога кенг ҳуқуқлар, жумладан ўз вақтида қарзларини узмаган одамлар хонадонини электр ёки газ тармоғидан узиб қўйиш ҳуқуқи берилган.

2018 йил 1 майдан Мажбурий ижро бюроси тақдимига кўра, қарзлари бор ўзбекистонликлар хорижга чиқартирилмайди. Бундан ташқари, қарздор юридик ёки жисмоний шахслар катта шартномалар тузишга, алоҳида молиявий-кредит ва давлат хизматларини олишдан маҳрум этилади. МИБ сайтининг онлайн режимида фуқаролар ўзларига нисбатан четга чиқишга тақиқ кўйилган-қўйилмаганлигини билиб олишлари мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги