01:55 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда турмуш бузилишига асосий сабаб - ўзаро тушунмовчилик ва фарзандсизлик экан

02.07.2018 14:22 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги Никоҳ саройи. Esosedi.org сайти фотоси
Ўзбек оилаларидаги турмуш бузилиши кўпроқ ўзаро тушунмовчилик, фарзандсизлик ва учинчи томон аралашуви оқибатида содир бўлади. Текширувлар олиб борган мутахассислар Ўзбекистонда энг кўп ажралишлар қайд этилган Сирдарё вилоятида мисолида мана шундай ҳулосага келганлар, деб ёзади ЎзА.

«Оила» марказида психолог ва мутахассислар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мониторинг якунлари тилга олинди. Турмушдаги ажралишларнинг 22,5 фоизи ўзаро тушунмовчилик, 15,6 фоизи фарзандсизлик, 15 фоизи яқин қариндошлар аралашуви ва 11 фоизи муттасил спиртли ичимлик ичиш оқибатида юз бераётгани маълум бўлган.

Анжуманда Сирдарё вилояти ҳудуди ва аҳолиси бўйича мамлакатда кичик вилоятлардан бири бўлгани билан, бу ерда ажралишлар кескин кўпайиб кетгани таъкидланди. 2017 йили Сирдарёда 1095 никоҳ бекор қилинган ва кўрсатгич ўтган йилга қараганда 21 фоиз кўп бўлган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда 31.930 та ниқоҳ бекор қилиниши ҳолати қайд этилган ва кўрсатгич бундан аввалги йилга нисбатан 2609 марта (8,1 фоиз) кўпайгани кузатилади. Оила турмуши бузилиши бўйича Сирдарёдан ташқари Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд ва Қорақалпоғистон олдинги ўринга чиқиб олган.

Матбуот анжуманида ажралишларни олдини олишга доир айрим тавсиялар ҳам берилган. Гулистон шаҳар Никоҳ уйи мудираси Лола Муродова муаммолар чуқурроқ ўрганилиб, қонунчилик мустаҳкамланишини маслаҳат беради. Унинг фикрига кўра, икки томон бирининг манфаати камситилмаслиги учун республикада «никоҳ шартномалари»га доир тушунчаларни тарғиб қилиш, шартномага нафақат моддий бойлик, балки оилавий муносабатларни ҳам киритиш зарур. Масалан, бу ерда ёш келин-куёвлар турмушига қариндош ёки учинчи томоннинг аралашувини ҳам кўрсатиб ўтиш лозим.

2017 йили Ўзбекистон Оила кодексига қўшимча равишда суд ва ЗАГС (Фуқаролик ҳолатини қайд этиш бўлими)дан ташқари ажрашмоқчи бўлган эр-хотиннинг маҳалла қўмитасига мурожаат қилиши ҳам киритилганди. Жорий йилнинг февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев никоҳ фақат суд орқали бекор қилинишига доир фармон чиқарди. Авваллари эр-хотин ўртасида балоғатга етмаган фарзанд бўлмаса, никоҳни ЗАГС бекор қилиш ҳуқуқига эга эди. Бундан ташқари, ажрашмоқчи бўлган эр ва хотинга эндиликда ўйлаб кўриш учун олти ой эмас, бир йил муҳлат бериладиган бўлди. Ажралиш ташаббускори бўлган томон иккинчи томон учун товон пулини тўлайди.

Статистик маълумотларга кўра, 2018 йилнинг биринчи кварталида Ўзбекистонда 8,1 мингта никоҳ бекор қилиниши қайд этилган. Лекин Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг сенаторлар олдидаги вазирлик фаолиятига оид ҳисоботига кўра, яраштирув комиссияси хатти-ҳаракати туфайли республикада 3728 та оила турмуши бузилишининг олди олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги