08:33 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда мингдан ортиқ солиқ ходимлари ишдан бўшатилди ва уларга ишбилармонлар билан мулоқот қилиш тақиқланди

29.06.2018 13:37 msk

Фарғона

Давлат солиқ қўмитаси. Uznews.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида бизнесни текшириш билан банд мингдан ортиқ ходимлар ишдан бўшатилди ва уларнинг товламачилик қилмаслиги учун ишбилармонлар билан мулоқот қилиши тақиқланди.

Давлат солиқ қўмитасининг (ДСҚ) Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига таянган ҳолда «Халқ сўзи» газетаси қўмитанинг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти тугатилиб, уларда ишлайдиган жами 1245 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилади.

Бошқарма фаолияти 2018 йил 26 июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тугатилган. Ҳужжатда бундай чора “давлат солиқ тизими ходимлари фаолиятида коррупцияни бартараф этиш” мақсадида кўрилгани таъкидланади.

Ташкилот матбуот хизматининг хабар беришича, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев 26 июндан солиқ ходимларига ишбилармонларни текшириш, ҳаттоки улар билан мулоқот қилишни ҳам тақиқлаган. Мирзиёев томонидан ёпилган бошқарма мана шундай текширувлар билан шуғулланганди.

Текширувлар бизнесменлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мансабдор шахслар ўртасида коррупцияни олдини олиш мақсадида тўхтатилган, деб хабар беради ташкилот манбаларига таянган ҳолда Gazeta.Uz нашри. «Ишбилармонлар фаолиятига аралашишга, уларни текширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканини расман маълум қиламиз», − дейди Давлат солиқ қўмитаси мулозимлари.


ДСҚнинг солиқ текширувлари бекор қилинишига доир топшириғи. Gazeta.uz сайти фотоси

Ўзини солиқ органи ходими деб таништириб, бизнесменлар фаолиятига ноқонуний аралашган, таъмагирлик, манфаат эвазига “хомийлик” қилишни таклиф этган шахслар тўғрисида Давлат солиқ қўмитасининг +99871 244-98-98 ёки қисқа 1198 “Ишонч телефони”га ҳамда +99871 244-98-00, +99871 244-98-71 телефонлари орқали хабар бериш сўралади. Таъкидлаш жоизки, ДСҚ раиси ўринбосарлигига тайинланган Мусаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг олтита моддаси билан жиноят қилганликда гумон қилинади.

Қўмитанинг бартараф этилган Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси бир йилча фаолият юритди ва президентнинг 2017 йил 18 июлдаги “солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш” билан боғлиқ фармонига кўра тузилганди. ДСҚ тизимида ўлкалараро давлат солиқ испекцияси ва таҳлилий бошқарма тузилади. У Давлат солиқ хизмати фаолияти самарадорлигига баҳо бериш билан бирга ташкилот тараққиёти стратегиясини ишлаб чиқаради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги