13:19 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ишдан олинган «Ўзавтосаноат» компаниясининг раҳбари бошқа ишга ўтказилди

29.06.2018 12:53 msk

Фарғона

Умиджон Салимов. Gazeta.uz сайти фотоси
Автомобилсозлик саноатида «коррупцияни йўқ қилиш» мақсадида ишдан олинган «Ўзавтосаноат» компаниясининг раҳбари Умиджон Салимов шу компаниядаги бошқа раҳбарлик курсисини эгаллади. Адлия вазирлигининг Telegram-каналида хабар берилишича, у бошқарув раисининг маркетинг бўйича ўринбосари вазифасига тайинланган.

Салимов 2017 йилдан «Ўзавтосаноат» компаниясини бошқариб келган. 26 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга бағишланган мажлисда Шавкат Умурзоқов компаниянинг янги раиси этиб тайинланган. Бунга қадар у Бош прокуратурада ишлаган. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, мажлисда автомобиль саноати соҳасида “барча бўғинларда коррупция, таниш-билишчилик, порахўрлик авж олгани қаттиқ танқид остига олинган ”.

Мажлисда «Ўзавтосаноат»нинг қарзлари кўпайиб кетгани ҳам таъкидланган. «Компаниянинг бир неча корхоналари ўтган йилни зарар билан якунлаган. Қатор йиллардан бери автомобиллар ўз таннархидан арзон нархда экспорт қилиб келинган. Ўз навбатида, таннархни камайтириш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмаган», – дейилади хабарда.

Президент компаниянинг янги раҳбариятига ҳукумат билан биргаликда автомобиль саноатини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, замонавий автомобилларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, соҳада илдиз отган коррупцияни йўқ қилишга доир вазифаларни топширган. Айтиш жоиз, Шавкат Умурзоқов Бош прокуратурага ишга келишдан олдин Тошкент вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноят ва коррупцияга қарши кураш бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган.

Умурзоқовнинг сўзларига кўра, президент унга соҳанинг соғлом ривожига тўсқинлик қилаётган ходимлар ўрнига «халқ ва давлат равнақи йўлида ишлайдиган иқтидорли ёшларни» ишга олиш борасида «алоҳида топшириқ» берган.

Умиджон Салимов Тошкент техника университетини тамомлаб, 1998 йили «Автодайжест» газетасида ишлаган, 2005 йилдан 2007 йилгача – «Ўзавтосаноат» компаниясининг маркетинг, савдо ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш бошқармасида фаолият юритган. 2007-2009 йиллари «Дженерал Моторс Ўзбекистон» янги лойиҳалар билан ишлаш бошқармаси бўлимининг бош менежери лавозимида ишлаган. 2009-2011 йиллари – «Дженерал Моторс Пауэр-Трейн Ўзбекистон» компанияси бош директорининг ўринбосари вазифасини бошқарган. 2011 йилдан 2013 йилгача Салимов «Ўзавтосаноат» бошқарув раисининг техник сиёсат ва локализация бўйича ўринбосари бўлган.

«Ўзавтосаноат» компанияси таркибига автомобиль ишлаб чиқарадиган учта корхона киради. GM Uzbekistan - Chevrolet ва Ravon бренди остида енгиль автомобилларни ишлаб чиқаради. Машиналар Андижон вилоятидаги Асака заводида, шунингдек, унинг Хоразм вилоятидаги Питнак ва Тошкентдаги филиалларида ишлаб чиқарилади. Компанияга қарашли яна иккита завод Самарқандда жойлашган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги