01:56 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўғирланган пуллар қайтарилгач Рашид Қодировга нисбатан қамоқдан бошқа жазо ҳам қўлланиши мумкин

29.06.2018 11:04 msk

Фарғона

Отабек Муродов. Uzreport.news сайти фотоси
Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов собиқ Бош прокурор Рашид Қодировнинг келтирилган зарарни қоплаган пайти, унга нисбатан қамоқдан ташқари жазо ҳам қўлланиши мумкинлигини таъкидлади. У бу ҳақда Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида Бош прокуратура томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар борасида сўзлаган нутқида гапириб ўтган, деб хабар беради Kun.Uz.

Унинг сўзларига кўра, терговдан мақсад одамларни қамаш эмас, давлатга келтирилган зарарларни қоплашдир. «Агар айбланувчилар ўғирланган пулларни қайтарсалар, балки улар озод бўлишлари ҳам мумкин», — деган Бош прокурор.

Шу билан бирга Отабек Муродов тергов махфийлигига таяниб, бу ҳақда батафсил маълумотлар бермаган. Лекин тергов ишлари тугагач, “қанча пуллар ўмарилгани, нима ишлар содир этилгани ва қанчалаб поралар олингани”ни айтиб беришни ваъда қилди, деб ёзади Gazeta.Uz. «Рақамлар жуда катта», — деб қўшимча қилган у.

Собиқ Бош прокурор иши бўйича йигирта тўрт нафар одамга нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Муродов айтишича, “тўртта жавобгар шахсга нисбатан келтирилган зарар тўлалигича қопланганидан кейин гаров қўлланиб, улар ҳибсдан озод этилган”, деб хабар беради UzReport. «Гап юқори лавозимларни эгаллаган шахслар ҳақида кетмоқда», — дея таъкидлаган у.

Рашид Қодиров 2000-2015 йиллари Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида ишлаган ва у мамлакатнинг энг бой одамларидан бири саналган. У Латвия ва Шарқий Европа мамлакатларида ўз бизнесини юритган. 2015 йили у Ўзбекистон Констуциявий судининг судяси этиб сайланган ва ушбу лавозимда 2018 йил 22 февралигача ишлаган. 66 ёшли Рашид Қодиров Тошкентда ҳибсга олинган. Унинг иши билан шуғулланаётган терговчилар пора беришга мажбур бўлган ишбилармонлардан кўрсатмалар йиққанлар. Берилган кўрсатмаларда тилга олинган сумма ярим миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Май охирида президент Шавкат Мирзиёев яқин икки-уч ой ичида Қодиров телевидение орқали ўз қилмишларини гапириб беришини ваъда қилганди. Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан сўнг прокурорларни қаттиқ танқид қилди, уларни “энг катта ўғрилар” эканини айтиб, “аввалги ўғри тизимдан” қолган барча прокурорларни ишдан олиб ташлашга ваъда берганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги