13:22 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Одил суд» илинжида ватанига қайтган ака-ука ишбилармонлар ДХХ изоляторига тушди

28.06.2018 19:28 msk

Фарғона

Обид ва Олим Баҳрамовлар. Nuz.uz сайти фотоси
Бундан бир неча йил олдин махсус хизматлар босимидан қутулиш учун Москвага қочиб кетган ака-ука Обид ва Олим Баҳромовлар 7 июнь куни Ўзбекистонга қайтадилар. Ҳукумат уларга “одил суд” ўтказилишини ваъда қилади, лекин 26 июнь кечаси улар ҳибсга олиниб, Давлат хавфсизлик хизмати изоляторига ташланади, деб хабар беради «Новости Узбекистана» Баҳрамовларнинг адвокати Фарҳод Турсунов сўзларига таянган ҳолда.

Ака-ука Олим, Обид, Равшан Баҳрамовларнинг муаммоси 2014 йили бошланади. Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар экспорти билан шуғулланувчи ака-ука ишбилармонларга Зафар Орипов деган шахс оила бизнесини бошқариши мумкинлигини айтиб мурожаат қилади. Таклифи инкор этилган Орипов ўша пайтлар “чексиз имкониятларга эга” МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов тоғаси эканини айтиб, уларга таҳдид қилади. Оқибатда Равшан Баҳрамов қамоқ жазосини олади, қолган икки ака-ука Москвага қочиб кетишга улгуради. Ўзбек махсус хизматлари уларни халқаро қидирувга беради.

Улар яқинда ватанга қайтадилар ва дарҳол Бош прокуратурага сўроққа чақирилади. Сўроқдан сўнг ишбилармон ака-укалар тергов текширувлари ўтгунча гаров билан қўйиб юборилади. 26 куни тергов иши ДХХга берилади ва ушбу ташкилот ходимлари Баҳрамовларни дарҳол ҳибсга оладилар. Ҳозирда Обид ва Олим Баҳрамовларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177 - моддаси (“валютали қимматбаҳо нарсаларни олиш ва сотиш”), 184 - модда (“Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўйин товлаш”), 188 - модда (“Ноқонуний тижорат фаолиятини юритиш”), 189 - модда (“Савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузиш”), 211 - модда (“Пора бериш”) ва 243 - моддаси (“Жиноят йўли билан топган даромадларни қонунийлаштириш”) билан айбланадилар

Ака-ука Баҳрамовларнинг адвокати Фарҳод Турсунов тергов ишининг Бош прокуратурага қайтарилишига эришолди. Унинг сўзларига кўра, фақат мана шу йўл билан тергов ишининг одилона ўтишига имкон яратиш мумкин. “ДХХ терговчилари объектив бўлмаслиги мумкин. Ҳимоямда бўлган мижозларим махсус хизмат терговчиларининг уларни қийноққа солгани ҳақида Ҳарбий прокуратурага шикоят аризасини ёздилар. Шунингдек, мен ҳибсда ушлаб туриш чорасини гаров орқали ташқарига чиқишига алмаштиришга ҳаракат қиламан, чунки Олим Баҳрамовнинг соғлиги яхши эмас ва у тиббий кўмакка муҳтож”, — дея кейинги ҳаракатларига изоҳ терди Турсунов.

Ислом Каримов даврида иқтисодий ёки диний экстремизм мотиви билан четда юрган айрим ўзбекистонликлар ватанга қайтиш қарорига келганлар. Улар ҳукуматнинг “одилона тергов ишлари олиб борилиши” борасидаги ваъдаларига ишонганлар. Лекин Ўзбекистонга қайтгач, уларнинг кўпчилиги қамоққа олинди.

Аввали хабар берилганидек, АҚШда 25 йил яшаган Зокир Али (Алиев) туғилган юрти - Қашқадарёнинг Чироқчи туманига қайтганидан сўнг махсус хизматлар томонидан ҳисбга олинган. Орадан бир неча кун ўтибгина ишбилармон четга чиқмаслик тилхати билан қўйиб юборилади. Унга Марказий Осиё ва Россияда таъқиқланган “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” ташкилотига алоқадорлик айби қўйилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги