01:56 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев ишсизликка қарши парранда ва қуёнлар ёрдамида курашмоқчи

28.06.2018 19:27 msk

Фарғона

Vt.edu сайти фотоси
Қарамоғида ишсиз ёшлари бўлган ўзбек оилалари «Yoshlar— kelajagimiz» жамғармаси ҳисобидан парранда, қуён ва қорамолларни сотиб олиши мумкин. Кейинчалик олинган пул жамғармага қайтарилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан 27 июнда тасдиқланган «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастурида мана шу ҳақда сўз юритилади.

Дастур ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган. Ҳозирча дастур Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида амалга оширила бошлаган. У 1 июлдан мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида жорий этила бошланади. Бунинг учун туманлар ва шаҳарларда ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳокимлар ўринбосари бошчилигида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари тузилади.

Жамғарма Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган бўлиб, у дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан шуғулланади. Унинг маблағлари ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар беришга сарфланади.

Шунингдек, жамғарма маблағлари Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш, тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш ҳамда ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдиришга йўналтирилади.

Дастур доирасида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказларини тузиш кўзда тутилган. У ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес-режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш билан шуғулланади.

Уй паррандаларини боқиш Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларни бошлагандаги дастлабки ғояларидан бири эди. Мамлакатдаги қашшоқликни бартараф этиш учун у 2017 йили ҳар бир оила парранда боқиш билан шуғулланиши, камида 100 дона курки товуқларга эга бўлишини маслаҳат берганди.

Мазкур ғоя “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастур доирасида кичик бизнесни қўллаб- қувватлаш учун мўлжалланганди. Лекин маҳаллий раҳбар тез орада ушбу эзгу ғояни ҳам поймол қила бошладилар. Навоий вилоятининг бюджет ташкилотлари ходимлари раҳбарият тирик товуқларни сотиб олишга мажбур қилаётгани, квартираларда яшовчи ходимларни эса сотиб олинган паррандаларни дарҳол сўйиб, тановул қилишга мажбурлаётгани устидан шикоят қилгандилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги