01:57 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Солиқ ходимлари “ҳунарманд” ниқоби остидаги савдогарларни текшира бошлади

28.06.2018 19:21 msk

Фарғона

Ўзбек ҳунармандлари. Gazeta.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Андижон ва Фарғона вилоятларидаги ҳунармандларга бериладиган имтиёзлардан фойдаланиб, аслида оддий тижорат ишлари билан машғул бўлаётган тадбиркорларни текшира бошлади, деб хабар беради “Озодлик” радиоси.

Солиқчилар ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, уларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, яъни давлатга солиқ тўламасдан, аслида Хитой товарларини сотиб юрган тадбиркорларни текширмоқда. Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги ҳунармандлар марказининг бошлиғи Элбек Муҳаммадёров шаҳардаги ҳар иккинчи дўкон ҳунармандники сифатида рўйхатдан ўтганини айтади. Радио маълумотларига кўра, Андижон ва Фарғонадаги ҳунармандчилик марказлари 20 июндан текширув бошлангани ҳақида огоҳлантириш хатини олган.

Солиқ ходимлари Марғилонда 550 га яқин ҳунармандчилик ташкилотлари рўйхатдан ўтгани, улардан 246 таси тадбиркорлик билан шуғулланаётганини аниқлаганлар. Уларнинг таъкидлашича, айрим одамлар ҳунарманд-дурадгор сифатида рўйхатдан ўтади ва ҳеч қандай маҳсулот ишлаб чиқармай дўконида Хитойдан келтирилган мебелларни сотадилар.

«Ҳунарманд» халқ усталари ва ҳунармандлари ассосиациясининг матбуот котиби Нилуфар Ҳотамова республика бўйлаб сохта ҳунармандларнинг сони ортиб кетганини таъкидлайди. «Бошида ҳунармандман, миллий кийим тикаман, деб гувоҳномани олаяпти. Бир-икки ой ўтгандан кейин¸ Хитойдан кийим олиб келиб, дўконини тўлдириб ташлаяпти, солиқ тўламаяпти. Буларнинг дастидан ҳақиқий ҳунармандлар зиён кўраяпти», — дейди Нифуфар Ҳотамовара.

Президент фармони чиққанидан сўнг имтиёзларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўпайган. 2017 йили Хоразм вилоятидаги табдиркорлар ҳунармандлар ниқоби остида аҳоли гавжум жойларида ароқ магазинлари, мобил телефон таъмирлаш дўконлари, Paynet хизмати шаҳобчаларини очганлар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 17 ноябрь куни «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонида ҳунармандларга кенг имтиёзлар берилганди. Улар белгиланган солиқдан озод этилиб, экспорт қилаётган маҳсулотларидан тушадиган валютани ўз ихтиёри бўйича сарфлаш ҳуқуқларига эга бўлгандилар.

Шунингдек, ҳунармандлар солиқ тўлашдан ташқари бошқа имтиёзларни ҳам қўлга киритганлар. Пенсия олаётган ҳунармандлар Пенсия фондига суғурта тўловларини тўлашдан озод этилган, қишлоқ жойларида ишлаётган ҳунармандлар дастлабки икки йил ичида ставканинг ярмини тўлайдилар, усталарга якка тадбиркор сифатида фаолият юритиб, кўрсатилган хизматлар учун солиқдан озод этилиш ҳуқуқлари берилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги