13:25 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» иккита Airbus лайнерининг ҳар бирини $100 миллиондан сотиб олади

27.06.2018 15:17 msk

Фарғона

A320 Neo. Airbus матбуот хизмати иллюстрацияси
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси иккита янги Airbus-A320 Neo самолётларини сотиб олади. Бу ҳақда авиакомпаниянинг сайтида хабар берилган.

«Авиапаркни модернизация қилиш ва бир тизимга келтириш стратегияси дастурига асосан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ўз таркибини замонавий авиалайнерлар билан тўлдиришни давом эттиради. Шу йилнинг декабрь ойида авиакомпания иккита Airbus A320 Neo самолётларини сотиб олишни режалаштирган», — дейилади хабарда.

A320 Neo самолётлари иккита синфга бўлиниб, 150 ўриндиққа (бизнес-класс — 12, эконом-класс — 138) эгадир. Улар аввалги самолётларга қараганда янги двигатель ва фюзеляжга замонавий ўзгартиришлар киритилгани ҳисобига анча тежамкор бўлади. Парвоз масофаси 4,5 минг км.дан 6 минг километрга узайтирилган.

Шунингдек, хабарда 2019 йилнинг иккинчи ярми ва 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида авиакомпания парки учта янги Boeing 787 Dreamliner самолётлари ҳисобига кенгайиши таъкидланади.

Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиапарки таркибида Boeing-757/767, Boeing-787-8 Dreamliner, Airbus А320 самолётлари, шунингдек, Boeing-767-300BCF юк ҳаво кемаси мавжуд.

Шу йилнинг апрель ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бир неча самолёт, вертолёт, авиадвигателларни, жумладан, олтита Ил-76ТД самолётларини сотувга қўйгани ҳақида хабар берилганди. Сотув компаниянинг самолёт-мотор паркини бир тизимга келтириш дастурига асосан амалга оширилган. Сотувга қўйилган техникалар эксплуатациядан чиқарилиб, сақлаш омборларига берилган. 2013 йили ҳам авиакомпания айрим техникаларни сотувга чиқарганди. Ўшанда уч дона Airbus A-310 самолётлари сотилган. Манбанинг маълум қилишича, сотув авиакомпаниянинг қийин молиявий аҳволга тушиб қолгани боис уюштирилган. Лекин ўшанда авиакомпания иккита янги Boeing-767 харид қилганди. 2018 йили “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси россияликларнинг Ил-114-100 пассажир самолётларидан фойдаланишни бекор қилди.

Airbus A320 Neo самолётлари 2016 йилдан бери немис авиакомпанияси Lufthansa томонидан фойдаланиб келинган. МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпанияси мазкур русумдаги самолётлардан фойдалана бошлади. Ҳаво кемасининг нархи - $107 миллионни ташкил этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги