13:29 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон иқтисодиёти учун $800 млн ажратилди

26.06.2018 15:44 msk

Фарғона

Осиё тараққиёт банки биноси. Ташкилот матбуот хизмати фотоси
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни амалга оширилиши учун $300 миқдорида маблағ ажратади. Банкнинг директорлар кенгаши шу ҳақда қарорга келган, деб хабар беради банк матбуот хизмати. Жаҳон банки ҳам шу соҳа учун Ўзбекистонга $500 млн пул ажратади.

Берилаётган кредит Ўзбекистон иқтисодиёти бошқарувини яхшилашга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида республикадаги микроиқтисодий барқарорликка ижобий таъсир қилган ҳолда мамлакат тараққиётига ўз ҳиссани қўшади, дейилади баёнотда. «Ўзбекистонда муҳим иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу иқтисодиётнинг ҳар томонлама ўсишини кафолатлайди», - деди ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича давлат бошқаруви мутахассисси Хиранья Мухопадьяй.

Дастур ҳукуматнинг фиксал барқарорлик ва давлат компанияларидаги бошқарувни яхшилашга бўлган ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. Мазкур компаниялар мамлакат иқтисодиётининг деярли барча жабҳаларида устунликка эга ва ҳукумат уларнинг молиявий ҳаётбардошлигини оширишга куч сарфламоқда, деб таъкидлайди Осиё тараққиёт банки раҳбарияти.

Кредитдан ташқари, ОТБ бюджет механизмлари, давлат хусусий шериклик, ички аудит ва капитал етарлилигини баҳолаш борасидаги ҳукумат ислоҳотларини техник томондан қўмаклашиш учун $1 млн миқдорида маблағ тақдим этади. Шунингдек, мазкур грант давлат ҳаражатлари дастурини тузишдаги гендер муаммоларни ҳал этишни ҳам ҳисобга олади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йили ОТБ Ўзбекистон иқтисодиётига уч йил мобайнида $2,9 сармоя киритиш билан боғлиқ бизнес-режани қабул қилганди. Деярли шундай миқдордаги маблағни ($2,8 млрд) Жаҳон банки ҳам Ўзбекистон учун ажратган. У корхоналарнинг энергия унумдорлигини ошириш, уларни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, жумладан, пахта ҳосилини мажбурий меҳнатсиз етиштириш, танспорт тизими ва маориф соҳасини ривожлантириш ишларига сарфланади. Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида ҳалқаро тараққиёт банклари томонидан энг кўп молия ажратилаётган мамлакат ҳисобланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги