20:44 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент шаҳрига Бош имом-хатиб тайинланди

26.06.2018 14:31 msk

Фарғона

Шайх Абдулазиз Мансур. Muslim.uz сайти фотоси
Шайх Абдулазиз Мансур Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби, шунингдек, “Минор” жоме масжидининг имом-хатиби этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси хабар беради.

Шайх Абдулазиз Мансур 1944 йили Фарғона вилоятида таваллуд топган. У ўзбек шоири ва маърифатчиси Хўжаназар Хувайдо (1704-1780) авлодидан ҳисобланади. Абдулазиз Мансур ўз даврида Судан давлатида диний таълим олган. У сўнгги пайтгача Мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари ва Тошкент Ислом университетининг ректори саналган. Абдулазиз Мансур моҳир таржимон ва шоир ҳисобланади. Шайх томонидан амалга оширилган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинган. У “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган.

Аввали Тошкент шаҳрининг имом хатиби вазифасини Қуръон таржимасининг муҳаррири Анвар қори Турсунов бажариб келганди. У 13 июнь куни 59 ёшида оламдан ўтди. Турсунов Ўзбекистондаги энг машҳур дин уламоларидан бири бўлганди. 2009 йили унга суиқаст уюштирилади. Инсульт касали бўлишдан олдин Турсунов интернет нашрларда кимматбаҳо соат таққани учун кескин бахс- мунозараларга сабаб бўлган. У интернетни “аҳлат уюми” деб атаган.

Анвар қори бетоб бўлиб ётганида унинг вазифасини дастлаб ўринбосари Эргаш Рустамов, кейин Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг масжидлар бўлими бошлиғи Раҳимберди Раҳмонов бошқариб турган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги