21:16 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда наркотрафикка қарши кураш гуруҳлари тузилди

26.06.2018 11:35 msk

Фарғона

Идоралараро мобил гуруҳларининг автомобиллари. Gazeta.uz сайти фотоси
Афғонистондан «шимолий йўналиш», яъни Марказий Осиё бўйлаб тарқатилаётган гиёҳванд моддаларга қарши кураш мақсадида олтита идоралараро мобил гуруҳлар ташкил этилди. Улар 30 дона автомобилда республика чегарасини назорат қилади, деб хабар беради Gazeta.Uz.

25 июнь куни Тошкентнинг “Ўзэкспомарказ”ида мазкур гуруҳларнинг иш бошлаш маросими бўлиб ўтди. Гуруҳ вакиллари Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ходимларидан ташкиллашган.

Мазкур гуруҳлар фаолияти учун Япония ҳукумати томонидан тақдим этилган $1,1 млн маблағ эвазига автомобиль ва жиҳозлар сотиб олинган. Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Итонинг айтишича, Chevrolet Lacetti, Chevrolet Nexia енгил автомобилларидан ташқари Toyota Land Cruiser Prado машинаси, лазерли ўзказгич, сувости ва сув устида ишлатиладиган металл қидиргич, хавфли портловчи предметлар учун контейнер ва бронежилетлар сотиб олинган.

Тошкет шаҳри ва Тошкент вилоятида операцияларни мувофиқлаштирувчи гуруҳ жойлаштирилади. Гулистон гуруҳи Сирдарё ва Жиззах вилоятларини, Фарғона гуруҳи - Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини назорат қилади. Термиз гуруҳи Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини, Самарқанд гуруҳи — Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларини, Нукус гуруҳи — Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларини назорат қилади. Улар автомагистрал, темир йўллари, автобуслар, чегараолди ҳудудлардаги темир йўл станциялари, ўтказиш пунктларинида фаолият юритади.

Мобил гуруҳлари 2017 йил ноябрда президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ наркотика ва жиноятчиликка қарши кураш Бошқармаси ижроия директори, БМТ Бош котиби ўринбосари Юрий Федотов билан учрашувидан сўнг, “йўл харитаси” доирасида тузилган.

2017 йили Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан икки тоннага яқин наркотик моддадар қўлга олинган. Бу 2016 йилга нисбатан 56 фоизга кам кўрсатгични англатади. Шу пайтнинг ўзида дунё қора бозорига героин етиштириб берувчи асосий давлат бўлмиш Афғонистонда кўкнори майдонлари кенгайган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги