01:56 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғоналик амалдорлар милиция ёрдамида фермерларнинг «ортиқча» буғдойини тортиб олмоқда

21.06.2018 11:41 msk

Фарғона

Ўзбекистонда буғдой ўрими. Nuz.uz сайти фотоси
Фарғона вилоятининг қатор туман ҳокимлари давлатга дон топшириш режаси бажарилгандан кейин далада қолган ҳосилни милиция кўмагида фермерлардан тортиб оляпти, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.

Ўзбекистон туманидаги фермернинг таъкидлашича, ҳукумат кейинги ўн беш йил ичида биринчи бор асоссий равишда ҳар бир гектар ердан топшириладиган буғдой миқдорини кўпайтирган. У доим гектаридан 26 центнердан давлатга ҳосил топширган, қолганини ишчиларга тарқатиб, ўзига қолдирган. Энди эса қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ва дон қабул қилиш комбинати гектаридан 30 центнер буғдой талаб қилиб, даладаги барча ҳосилни тортиб олган.

“Ўзимга бир кило ҳам қолмади, қарийб 20 нафар ишчимга нима бераман энди, бошимни чангаллаб қолавердим”, - дейди фермер.

Унинг айтишича, контрактация шартномасини қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва дон қабул қилиш комбинати ўзлари хоҳлаган тарзда тузади:

“Ўзлари олдин ёзиб, муҳрларини босиб, кейин сизга муҳр босиш учун беради. Сиз муҳрлаб беришга мажбурсиз”, - дейди фермер.

Ўзбекистон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Назиржон Мамадалиев фермердан барча ҳосилнинг олингани «тушунмовчиликлар» оқибатида бўлгани ва кейинчалик режадан ортиқ буғдой қайтариб берилганини айтади. Ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, бундай ҳолат барча фермерлар билан юз берган. Андижон вилоятининг Андижон туманидаги режани 100 фоиз бажарган фермерлар ҳам ортиқча ҳосил тортиб олинганидан шикоят қиладилар.

Фарғона вилоятидаги бошқа фермер (қайси тумандан экани кўрсатилмаган) «Озодлик»ка ҳосилни ўриш пайти далаларга милиция ходимлари сафарбар қилинишини айтади. У қишлоқ хўжалиги бошқармаси гектаридан 30 центнер ҳосил беришини талаб қилганини айтади, гарчи шартномада 24,5 центнер кўрсатилган бўлса-да.

Дашт жойларида гектаридан 20 центнердан ҳосил олишнинг ўзи амримаҳол, лекин буни раҳбарлар инобатга олмайдилар. “Мутахассислар экин экаётган майдонларни текширмаган ва қанча ҳосил етиштириш мумкинлиги ҳақида ҳулоса бермаганлар. Бизларда барча ишлар мажбурийлик орқали амалга оширилади. Ҳокимят фақат талаб қилишни билади», – деб шикоят қилади фермер.

Ўзбекистонда буғдойни милиция назорати остида комбайнда йиғиб олиш, режадан ортиқ ҳосилни тортиб олиш одатий ҳолга айланган. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими 2016 йил буғдой топшириш режаси бажарилмаганида мана шундай йўл тутган. Наманган вилояти ҳокими режа бажаришнинг ажойиб усулини ўйлаб топган: боғдорчилик ва узумчиликка мутахассислашган фермерларга қарамоғидаги ҳар бир гектар ер ҳисобига 500 килограммдан буғдой топширишни буйруқ беради. Оқибатда боғбонлар буғдойни бозор нархида сотиб олиб, давлатга топширганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги