13:24 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Диндор» Отахўжаевга нисбатан эркинликни чеклаш жазоси қўлланилди ва у уйига қўйиб юборилди

20.06.2018 16:38 msk

Фарғона

Саидаҳрор Отахўжаев
Ўзбек қамоқхоналарида 18 йил ўтирган Саидаҳрор Отахўжаевга нисбатан жазо муддатини узайтириш чораси қўлланиши мумкин эди, бироқ у озодликка чиқарилди. 19 июнь куни суд ҳайъати унга 2 йил 8 ой 10 кун эркинликни чеклаш жазосини берди. Бу ҳақда “Фарғона”га унинг Тошкентдаги манбаси хабар қилади.

Жазонинг бундай тури Ўзбекистон қонунчилигига 2015 йил августида киритилган. Жиноят кодексининг 41 - моддасига биноан эркинликни чеклаш жазоси олти ойдан беш йил муддатгача берилади ва у маълум органлар назорати остида амалга оширилади. Бундай жазога ҳукм қилинган махбусларга уйдан чиқишга мутлоқ тақиқ қўйилади ёки баъзи пайтлар унинг уйини тарк этиши ман этилади. Суд ҳукми бўйича Отахўжаев кечки соат 21.00 дан эрталабки соат 6.00 гача ўз уйида бўлиши керак.

Бундан ташқари, суд маҳкумга айрим жойларга боришни, оммавий тадбирларда қатнашишни, автомобиль ҳайдаш, турар жойини ўзгартириш, алоқа воситаларидан фойдаланиш, интернетдан фойдаланиш, алкоголь ичиш ва ҳ.к.тақиқлаши мумкин. Отахўжаевга бу каби тақиқлар жорий қилингани номаълум.

Отахўжаев 2000 йили 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Тергов ишларига кўра, у республикада тақиқланган “Хизб-ут Таҳрир” партияси ғояларига содиқ бўлган, Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришга ҳозирлик кўрган. Кейинги икки йил ичида у жазони Қорақалпоғистондаги машъум №71 “Жаслиқ” қамоқхонасида ўтаган. Расман жазо муддати 2018 йил 23 апрелда тугаган. Лекин жазо муддати тугашига бир кун қолганда, Отахўжаев унга нисбатан янги маъмурий иш қўзғалганидан хабар топади. Қамоқхона маъмурияти уни Жиноят кодексининг 221 - моддаси (“Жазони ўташ муассасаси маъмуриятининг қонуний талабига бўйсунмаслик”) билан айблайди. Маҳкум адвокатининг сўзларига кўра, у 2016-2018 йиллари уч марта дисциплинар бўлимларига юборилган. Бу Отахўжаев учун кутилмаган янгилик бўлади, чунки унинг таъкидлашича, жазони фақат ўзининг камерасида ўтаган ва уни ҳеч қаерга юборишмаган.

Май ойи охирида унинг иши Қўнғирот туман судига оширилади. 5 июнда бўлиб ўтган суд мажлисида прокурор Отахўжаевга нисбатан яна беш йил қамоқ жазоси берилишини сўрайди. Отахўжаев ҳеч қандай қонунни бузмаганини, айбловлар сохта эканини айтади. У Ўзбекистоннинг Конституцияси ва барча қонунларини ҳурмат қилишини, президент сиёсатини қўллаб-қувватлашини, мамлакат тараққиёти учун қўлидан келганча ҳисса қўшишга тайёр эканини айтади.

Оқибатда суд Отахўжаевни айбдор деб топиб, унга нисбатан эркинликни чеклаш жазосини қўллайди. Шунингдек, суд колония ходимлари ҳаракатларига нисбатан ўз ҳулосасини билдиради ва уни қамоқхона маъмурияти эътиборига ҳавола этган. Бу ҳақдаги кейинги тафсилотлар ҳали номаълум.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги