13:31 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Суд криминал етакчисига қўйилган тўртта айблов моддасидан учтасини асоссиз деб топди

19.06.2018 16:42 msk

Фарғона

Аббосхон Хўжаев. Uznews.uz сайти фотоси
Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди криминал оламида машҳур бўлган Аббосхон Хўжаевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 — моддасининг учинчи қисм “а” пункти (“Товламачилик”) билан икки йилга озодликдан маҳрум этди. Шу билан бирга суд ҳайъати айбланувчини қолган учта модда бўйича оқлаган, деб хабар беради Олий суд вакили Азиз Обидов сўзларига таянган ҳолда Gazeta.uz .

Шунингдек, Хўжаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 - моддаси (“жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятни содир этиш”), 273 - модда (“гиёҳванд ва психотроп моддаларни сотиш учун уларни ноқонуний тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш”), 165 - модданинг 2 - қисм “а” ва “в” пунктлари (“товламачилик”) билан айбланган. Судя Мирзиёд Обидов бу моддалар бўйича оқлов ҳукмини чиқарган.

Хўжаевнинг шериги Муҳамаджон Қурбонов ҳам юқорига тилга олинган модда билан 1 йил 6 ойга қамоқ жазосига маҳкум этилган. Жиноят ишининг иккала вакили жазони қаттиқ режим колониясида ўтайди.

Бундан олдин Ўзбекистондаги айрим ОАВ маълумотларига таянган ҳолда Хўжаев ва унинг шериги барча моддалар бўйича оқланган, деган хабарни бергандик. Кейинчалик аниқ бўлишича, уларга нисбатан қўйилган тўртта айблов моддасидан учтасига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Тўлиқ берилмаган ахборот учун узримизни қабул қилгайсиз.

Хўжаев криминал ибораси билан айтганда Тошкент шаҳри бўйича «қараб турувчи» (криминал қатлами етакчиси) ҳисобланади. У ўтган йили октябрь ойида ҳибсга олинган. «У жиноий гуруҳ тузиб, криминал қатламида ўзига хос обрў орттиришга урингани тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланади», – деганди ўшанда Тергов бошқармаси раҳбари Дониёр Тошхўжаев. Хўжаевнинг ҳибсга олиниши президент Мирзиёев томонидан криминал элементлари билан кескин кураш олиб бориш, уларнинг «думини тугиб қўйиш» кераклиги борасидаги мурожаатидан кейин юз берганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги