20:40 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Афросиёб» поезди ойнасидан кўзга чалинган энг яхши манзара учун автомобиль совға қилинади

19.06.2018 15:36 msk

Фарғона

Самарқанд вокзалидаги «Афрасиёб» поезди. Nuz.uz сайти фотоси
Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси «Афрасиёб» тезюрар поезди йўналиши атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш бўйича энг яхши лойиҳа учун танлов эълон қилди. Асосий мукофот - Spark автомобили бўлади, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.

Ғолиблар уч йўналиш бўйича аниқланади: ланшафт архитектураси ва дизайни, кичик меъморий шакллар ва бадиий монументал санъат. Энг яхши лойиҳа соҳибига автомобиль, қолганларига скутер ва телевизорлар совға қилинади. Танловда иштирок этиш учун аризалар 2018 йил 10 июлга қадар қабул қилинади. Махсус комиссия беш кун давомида тақдим этилган конкурс ишларини ўрганиб чиқади.

Кўрик танловда ҳам жисмоний, ҳам юридик шахс иштирок этиши мумкин. Улар темир йўли атрофидаги бинолар, қукрилишлар, автомобиль магистраллари, қишлоқ хўжалиги объектлари ва очиқ майдонларни ободонлаштириш бўйича ўзларининг меъморий ечимларини тақдим этишлари лозим. Поезд йўналишининг Булунғур, Жомбой туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан кесиб ўтиш йўлларида бадиий эстетик меъморий мажмуалар яратиш мўлжалланган.

Испаниянинг Talgo-250 тезюрар поезди «Афрасиёб» номи билан 2011 йилдан бошлаб Тошкент ва Самарқанд бўйлаб қатнай бошлади. Ҳозирда маршрут узайтирилган бўлиб, тезюрар поездлар Самарқандда тўхтаб ўтиш билан Бухоро ва Қарши шаҳарларигача қатнамоқда.

Аввали хабар берилганидек, 2018 йили Самарқанд вилояти учун ажратилган $500 млн.дан $50 млн маблағ Самарқанддаги турмуш тарзини яхшилаш учун сарфланади. Жумладан, ҳокимият кўпқаватли уйларни замонавий иситиш ускуналари билан жиҳозлаш, уйлардаги эскирган лифтларни янгилаш, ерости йўлакларини қуриш ва йўлларни таъмирлаш ишларини амалга оширишни режалаштирган.

Шу қатори Самарқанд вилояти Пойариқ туманидаги Хартанг қишлоғида Имом ал Бухорий мемориал комплексини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тарихий ёдгорлик масканининг ҳудуди 60 гектарга кенгайтирилади. Лойиҳанинг умумий нархи - 122 млрд сўмни ($15,4 млн) ташкил этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги