08:50 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чирчиқ ривожига $88,5 млн сарфланади

14.06.2018 14:24 msk

Фарғона

Ўзбекистон ҳукумати яқин икки йил ичида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 300 га яқин лойиҳани амалга ошириш учун 700 млрд сўмдан ортиқ ($88,5 млн.га яқин) маблағ сарфлашни режалаштирди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида сўз юритилади, деб хабар беради

Norma.uz.


Nuz.uz сайти фотоси

Шаҳарда қўшимча равишда 1 358 та иш ўрнини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу 10 та янги саноат объектини ташкил этиш ва мавжуд 12 тасини кенгайтириш ҳисобига амалга оширилади. Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида эса 29 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Улардан 10 таси – янги, 19 таси – кенгайтирилмоқда. 186 та кўп хонадонли уйлар қурилади. 7 та маҳаллада икки контурли газ қозонлари ўрнатилади. 12,6 км ички йўллар, 136 та газ тақсимлаш пунктлари, 8,1 км ичимлик суви ва 5,7 км оқава сув тармоқлари қурилади ва таъмирланади.

Шунингдек, 4 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланади, 2 та янги мактаб қурилиб, 8 та фаолият кўрсатаётган мактаб таъмирланади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 1 200 ўринли ўз ётоқхонасига эга бўлади, Чирчиқ давлат педагогика институтининг ўқув биноси эса реконструкция қилинади.

Бундан ташқари, 560 ўринли иккита поликлиника реконструкция қилинади.

Ҳужжатга биноан, 17%ини давлат мақсадли жамғармалар ва маҳаллий бюджетдан ажратади. Тадбиркорлик субъектлари – лойиҳалар ташаббускорлари харажатларнинг 54%ини зиммаларига оладилар. Банклар эса қолган 29%ни қоплаш учун кредит билан ёрдам берадилар.

Чирчиқ шаҳри пойтахтдан 42 км шимоли-ғарбий узоқликда жойлашган. Ҳозирги пайтда у ерда 150 минг аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарда 300 дан ортиқ саноат корхоналари фаолият юритади. Шаҳарни кенг кўламда ривожлантириш режалари шу йили президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига қилган ташрифидан сўнг маълум бўлди. Ўшанда маҳаллий мулозимлар президентни саноат корхоналарини қуриш, мавжудларини модернизация қилиш орқали яқин икки йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни 1,6 баробарга ошириш лойиҳалари билан таништирганди. Биргина Чирчиқнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш заводида 2019 йил сўнггига қадар қиймати $32,7 млн бўлган учта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Мирзиёев Чирчиқнинг «Ўзбекистоннинг йирик индустриал шаҳарларидан бири экани»га урғу бериб, тақдим этилган лойиҳаларни мукаммал ишлаб чиқишни буюрганди.

Тошкент вилоятига ташриф давомида президент Янгийўл шаҳрига келиб, у ердаги кўпқаватли уйларни таъмирлаш, янги ҳиёбон, бозор, супермаркет ва кўприк қуришга доир топшириқларни берганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги