08:45 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати туристларни олтин ёмбилари билан ром қилмоқчи

13.06.2018 16:15 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Ўзбекистонда қимматбаҳо металларни олиб кириш ва мамалакатдан олиб чиқиш қоидалари енгиллаштирилади. Бу чора туристларнинг нафақат олтиндан ишланган буюмлар, балки олтин ёмбиларини ҳам сотиб олишига имкон беради. Республика президенти Шавкат Мирзиёев қарорида мана шу қоидалар ўрин олган, деб маълум қилади Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Бу қарор шопинг-туризмнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин, чунки Хитой ва Ҳиндистон аҳолиси чет элларга саёҳат қилганида олтин буюмларини харид қилишни яхши кўради. Ўзбекистонда олтин буюмлардан ташқари олтин ёмбиларининг ҳам сотилиши, мамлакатга туристлар оқимининг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Ҳукумат қарорига кўра, 5 граммдан 1000 граммгача кумуш ва олтиндан ёмбиларни тайёрлаш учун “Навоий тоғ-кон металлургия комбинати” базасида юқори технологияли саноат мажмуаси қурилади. Ушбу лойиҳани молиялаштириш учун Навоий комбинатига заргарлик буюмларини маҳаллий сўмга сотишга рухсат берилган.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2018 йил 1 июнига келиб мамлакатнинг олтин захираси 10,8 млн тоза унцияни (335,9 тонна) ташкил этган. Бу пулга чақилганда - $14,1 млрд демакдир. Аввалги ойларга нисбатан олтин захираси 6,3 тоннага ошган.

Ҳозирги пайтда Навоий олтин ишлаб чиқариш мажмуасига тўртта гидрометаллургия заводи, фойдали металларни саралаб олиш кони ва олтин цехи киради. 1991 йилга нисбатан комбинатда рудани қайта ишлаш уч баробарга кўпайган, олтин қазиб олиш 40 фоизга ортган. Кейинги пайтлар йилига 70 тонна қимматбаҳо металл ишлаб чиқилмоқда. АҚШ геология хизмати маълумотларига кўра, 2017 йил Ўзбекистонда умумий ҳисобда 100 тонна олтин қазиб олинган ва у дунёда тўққизинчи ўринни эгаллаган. Олтин қазиб чиқариш бўйича етакчи давлатлар Хитой, Австралия ва Россия ҳисобланади.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистонда турк мутахассислари билан ҳамкорликда учта ҳудудда разведка ишлари ўтказилади. Жиззахнинг Хуроб, Навоий вилоятининг Айдим Етимтоғ ва Саритаус руда конларидаги олтин захиралари ҳали ўрганилмаган. Прогнозларга кўра, мазкур конларда 75,2 тонна олтин уюмлари мавжуд. Разведка ишлари уч йилга мўлжалланган бўлиб, Туркия лойиҳани молиялаштириш учун $5 млн сарфлайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги