08:46 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев тўй кортежини тўхтатиш президентга нисбатан ҳиёнат эканини айтди

13.06.2018 13:17 msk

Фарғона

Ўзбекистонда тўй кортежи. Uz24.uz сайти фотоси
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раисини саволга тутиб, водийда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборган Ёшлар иттифоқи раҳбарининг ҳаракатларига муносабат билдирди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар беради.

«Баландпарвоз гаплар, тўйларни йўлда тўхтатиш менга керак эмас. Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат,» – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни журналистлар билан учрашувда сенатор, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев Фарғона водийсига қилган сафари чоғи тўй кортежини тўхтатиб, келин ва куёвни таксига ўтқазиб, тўйхонага юборганини айтиб мақтанади. Унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилиниб, кўплаб одамларнинг танқидига учрайди. Шундан сўнг Қуронбоев бўлиб ўтган воқеага бошқача тус бериб интервью беради. У ёшлар иттифоқи “келин-куёв ҳурматини жойига қўйган ҳолда», “наъмунали” тўй ўтказишига ёрдам берганини, оқибатда барча мамнун бўлганини таъкидлайди.

Шунга қарамасдан интернетда Ёшлар иттифоқи раисининг хатти-ҳаракати муҳокамаси давом этаверади. «Ш.М.Мирзиёев ислоҳотлари» гуруҳи иштироқчилари “замонамиз қаҳрамони”га айланган Қаҳрамон Қуронбоевни мазкур қилмишидан сўнг Марказий Осиё ёшлар форумида республика номидан иштирок этишга ноҳақ эканини ёзишади. Гуруҳ аъзоларининг барчаси ўз изоҳларида Қуронбоевга қарши фикр билдирадилар.

Қуронбоев президент топшириқларини бажаришда «жонбозлик» кўрсатаётган ягона раҳбар шахс эмас. Ўтган йил август ойида президент тўйлардаги дабдабавозчиликларни кескин танқид остига олганидан сўнг ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Раҳимов пойтахтнинг барча кафе ва ресторанларини ёпиб қўйишга буйруқ беради. Ҳокимнинг бу топшириғини президент кескин танқид қилади.

Тўй шодиёналарини тартибга келтириш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси 2018 йил март ойида тайёр бўлган. Унда, жумладан, тўйларни соат 10.00 дан соат 23.00 га қадар ўтказиш, меҳмонлар сонини 150 нафардан оширмаслик, никоҳ маросими учун иккитадан ортиқ машиналардан фойдаланмаслик ҳақида сўз боради. Бироқ, ҳужжат ҳанузгача ҳукумат томонидан қабул қилинмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги