12:49 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент шаҳри имом-хатиби Анвар қори Турсунов вафот этди

13.06.2018 12:26 msk

Фарғона

Анвар қори Турсунов. Nuz.uz сайти фотоси
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Тошкент шаҳар бўлими имом-хатиби, Қуръони каримнинг ўзбекчага илк таржимаси муҳаррири Анвар қори Турсунов апрель ойида бошдан кечирган инсультдан сўнг саломатлиги тикланмай 60 ёшда вафот этди.

ЎзА миллий ахборот агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига таянган ҳолда 13 май куни эрталаб Турсуновнинг қазо қилганини маълум қилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси сайтида бу борада таъзия сўзлари келтирилган.

Хабарларда имо- хатиб оғир ҳасталикдан сўнг оламдан ўтгани таъкидланади. Апрель ойида қори Тошкент клиникаларининг бирида операция қилинган ва кома ҳолатига тушиб қолганди. Май ойида Турсунов кома ҳолатидан чиқади, лекин саломатлиги ҳамон оғир аҳволда бўлади.

Анвар қори Турсуновнинг бетоблик пайти Тошкент шаҳри имом-хатиби вазифасини унинг ўринбосари Эргаш Рустамов бажаради, кейин бу ишни Раҳимберди Раҳмонов давом эттиради. Маълумки, Раҳмонов тўйларда ёшларнинг европача рақсларга тушишига қарши фикрлари билан омма орасида машҳурдир.

Анвар қори Турсунов Ўзбекистоннинг энг машҳур дин уламоларидан бири бўлган. У 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган.1966-1976 йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган.1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятларини 1981-1984 йилларда – “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган.1984-1987 йилларда – Ўзбекистон Фанлар Академиясида, 1987-1989 йилларда эса Тошкент шаҳар, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходим бўлиб фаолият юритган. 1989-1994 йилларда — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир.1994-1999 йилларда – Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби бўлган.1999– йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритган.1989—1992 йиллари у устози Оловуддин Мансур билан биргаликда Қуръоннинг ўзбек тилига таржимаси устида ишлайди. Китоб миллионлаб тиражда чоп этилади.

2009 йили Турсунов ҳаётига суиъқаст уюштирилади. Имомнинг уйи ёнида нотаниш кимсалар унга тўққиз марта пичоқдан зарба беришади. Турсунов беш кун кома ҳолатида ётади. Ўнлаб одамлар суиъқасд уюштирганликда гумонланиб ҳибсга олинади, суд ёпиқ режимда ўтади. 2015 йили Турсунов “Минор” масжидининг имом-хатиби вазифасига ўтади.

2017 йили интернетда одамлар Турсунов қўлидаги нарҳи 10 минг доллар турадиган қимматбаҳо Ulysse Nardin соатини қизғин муҳокама қиладилар. Имом бу соат ўқувчисининг совғаси экани, у 250 доллар туришини айтади. Ўша йилнинг сентябрь ойида қорининг аёлларнинг тўпланиб дарс ўтишига қарши фикрлари кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлади. Турсунов сўзларининг нотўғри талқин этилгани, у аёлларнинг эркаклар қатори масжидда ибодат қилиши мумкин эмаслигига доир фикр билдирганини айтади. Анвар қори Турсунов интернетни нохолис маълумотларни тарқатадиган «аҳлат уюми»га тенглаштиради. «Бошимизга барча балолар телефон ва интернет пайдо бўлганидан сўнг ёғила бошлади», — деганди имом.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги