22:50 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бир умр қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик даъво аризасини беришдан бош тортди

12.06.2018 10:35 msk

Фарғона

Раҳмат Оқилов. Rferl.org сайти фотоси
Стокгольмда теракт содир этган ва бу жинояти учун 7 июнда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 40 ёшли Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов суд қарорига нисбатан даъво аризасини беришдан бош тортган. Бу ҳақда унинг адвокати Швециянинг TT News Agency каналига маълум қилган, деб хабар беради Aftonbladet.

«У суд қарорини қабул қилди ва унга нисбатан даъво аризасини бермайди», — деди Йохан Эрикссон (Johan Eriksson). Даъвогар томон вакили Джессика Сандберг (Jessica Sandberg) бошқа иш билан машғуллиги боис, мижози Оқилов билан бу борада гаплашмаганини маълум қилади. Швеция миллий хавфсизлик хизмати бош прокурор ўринбосари Ханс Ирман (Hans Ihrman) суд айблов томони талабини тўлиқ қондирганини таъкидлайди.

Стокгольмда Оқиловга нисбатан суд жараёни 13 февралда бошланган. 40 ёшли самарқандлик Раҳмат Оқилов 7 апрель куни юк машинасида Дроттнингатан кўчасида пиёдаларни атайин босиб кетади. Оқибатда беш киши ҳалок бўлади, ўн беш нафар швециялик турли даражада тан жароҳати олади.

У судда ўз айбига иқрор бўлган ва терактни “Ислом давлати” (қатор давлатларда тақиқланган террор ташкилоти) буйруғига кўра амалга оширганини таъкидлайди. Оқиловнинг сўзларига кўра, унинг бундай ҳаракатига Суриядаги уруш оқибатида “миллионлаб бегуноҳ мусулмонлар”нинг ҳалок бўлаётгани, бу урушни, жумладан, Швеция ҳам молиялаштираётгани сабаб бўлган. Лекин “Ислом давлати” Швецияда содир этилган терактни ўз бўйнига олмаган.

Оқилов мамлакатдаги қурилиш компанияларидан бирида ишлаган. У 2016 йили доимий яшаш учун рухсатнома олишга ҳужжат топширади, лекин унга рухсат берилмайди. Оқилов қонун бўйича Швецияни тарк этиши лозим бўлган, лекин у яширинча яшаб юради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги