12:49 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда товар ва хизматлар импорти экспортга нисбатан $1,7 млрд.га кўп бўлган

11.06.2018 16:35 msk

Фарғона

Hyser.com.ua сайти фотоси
Жорий йилнинг беш ойи мобайнида Ўзбекистонга $8,2 млрд миқдорида импорт товарлари ва хизматлар олиб кирилган, экспорт эса $6,5 млрд.ни ташкил этган. Бундан кўриниб турибдики, импорт хажми экспортдан $1,7 млрд юқори бўлган. Республика Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳисобот давридаги товарайирбошлаш $14,7 млрд.дан ошиб кетган.

Ўзбекистон январдан май ойига қадар МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатларга товарлар сотишдан кўра, четдан кўпроқ товарларни харид қилган. Ҳамдўстлик давлатлари билан ташқи савдо операциялари минус $887,6 млн, бошқа давлатлар билан – минус $844,2 млн.ни ташкил этган. Республика машина ва жиҳозларни жадаллик билан сотиб олмоқда ва у импортнинг 33,7 фоизини ташкил этади. Импортнинг хизматлар соҳаси 24,2 фоизни, кимё маҳсулотлари – 11,5%, озиқ-овқат – 8,6%, қора ва рангли металлар – 8,1% ташкил этади.

Экспорт масаласида хизматлар кўрсатиш соҳаси Ўзбекистон ғазнасига энг кўп даромат келтирган ва у умумий экспортнинг 29,8 фоизини ташкил этган. Бу ерда транспорт ва туристик хизматлар етакчилик қилади. Шунингдек, республиканинг нефть маҳсулотлари ва энергия ўтказгичлари билан савдоси яхши йўлга қўйилган. Йил ҳисобида улар 1,8 баробарга ошган.

Мева ва сабзавотлар ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт хажми ошган ва у $305,4 млн ташкил этган. Бу йўлда Ўзбекистоннинг янг яқин ҳамкори - Қозоғистон ҳисобланади. Шартномаларнинг тенг ярми айнан шу мамлакатга тўғри келади. Кейинги ўринларни - Россия, Афғонистон, Қирғизистон, Хитой, Вьетнам, Туркия, Покистон ва Эрон эгаллайди.

Ўзбекситоннинг товар ва хизматлар экспорти бўйича дастлабки учликка Россия, Хитой ва Жанубий Корея қиради. Ўзбекистоннинг импортида эса - Хитой, Россия, Қозоғистон асосий ўринни эгаллайди.

2018 йил биринчи квартал якунига кўра аҳвол ўзгача бўлган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, экспорт хажми товар ва хизматлар импортидан $250 млн.га юқори бўлган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев келтирган маълумотларга қараганда, 25 майга келиб чет элларга $4,576 млрд миқдорида товар ва хизматлар етказиб берилган ва бу ўтган йилга қўра 25 фоиз кўп демакдир. Лекин президент фикрига кўра, бу камлик қилади. У экспорт хажмини оширмаган раҳбарларни эгаллаб турган амалидан озод қилишидан огоҳлантирди. Шунингдек, Мирзиёев нархлар мувозанатини таъминловчи махсус жамғарманинг яхши фаолият юритмагани боис, мамлакатга қўшимча $155 млн миқдорида шакар, ўсимлик ёғи, картофель ва товуқ гўштини хариб қилишга тўғри келган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги