08:46 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Олий суди гувоҳларнинг паспорт маълумотлари ва ташқи кўриниши ўзгартирилишига рухсат беради

11.06.2018 16:12 msk

Фарғона

8newsru.ru сайти фотоси
Ўзбекистон Олий суди «жиноий жараёнда иштирок этаётган жабрланувчилар, гувоҳлар ва бошқа иштирокларчиларни ҳимоя қилиш тўғрисида» қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва унда гувоҳларни «ҳимоя қилиш дастури»га алоқадор шахсларнинг ташқи кўриниши ва паспорт маълумотларини ўзгартирилишига рухсат берилади. Ҳужжат 26 июнга қадар жамоат муҳокамасига тақдим этилган.

Гувоҳ ва бошқа иштирокчиларнининг хавфсизлигини таъминлаш чоралари қаторига уларнинг яшаш жойини ҳимоя қилиш, шахсий қўриқловчи билан таъминлаш, ҳимоя воситаси техникаси билан таъминлаш, яшаш, иш жойини ўзгартириш чоралари киради. Мазкур чоралар фақат оғир ва ўта оғир жиноят ишлари билан боғлиқ ҳолларда қўлланилади.

Ташқи кўринишни ўзгартириш амалиёти ҳимоя қилинаётган шахс розилиги ва аризасига кўра амалга оширилади. Паспортдаги исм ва фамилияни ўзгартириш ҳуқуқи ҳам гувоҳларни ҳимоя қилиш дастурига тушган инсон томонидан белгиланади. Жиноят иши жараёни иштирокчиси вояга етмаган бўлса, юқоридаги икки ҳолат юзасидан унинг ота-онаси ёки қонуний вакили розилиги керак бўлади.

Қонун лойиҳаси жиноят ишида иштирок этаётган жабрланувчи, гувоҳ ва бошқа иштирокчиларни ҳимоя қилиш бўйича «Давлат дастури»ни яратишни кўзда тутади. Давлат дастури бюджет ҳисобига молиялаштирилади, ҳимояланаётган одамлардан пул талаб қилиш тақиқланади.

Жиноят жараёни иштирокчиларини ҳимоя қилиш дастурига нафақат жабрланувчи ва гувоҳлар, балки айбланувчилар, маҳкумлар, адвокатлар, жамоат қораловчилари, даъвогар фуқаролар, экспертлар, таржимонлар ва суд ишига жалб қилинган педагог ва психологлар ҳам киритилиши мумкин.

2017 йил февраль ойидаги Ўзбекистон президенти қарорида гувоҳларни ҳимоя қилиш қонун лойиҳаси ҳақида сўз юритилганди. У ўтган йил охиригача муҳокамага берилиши керак эди, лекин қонун лойиҳаси 2018 йил 11 июнь жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Ўзбекистон Олий суди томонидан тайёрланган мазкур ҳужжат 2004 йилги федерал қонун лойиҳаси асносида яратилган Россиянинг гувоҳларни ҳимоя қилиш дастурини ёдга солади. 2017-2018 йиллари Россия ҳукумати жиноий суд жараёни иштирокчилари ҳимояси учун 280 миллион рубль ажратган. РФ ИИВ маълумотига кўра, битта гувоҳ ёки жабрланувчининг ҳимояси учун бир ойда 100 минг рублгача маблағ сарфланади.

Гувоҳларни ҳимоя қилиш дастури дунёнинг кўпгина мамлакатларида амал қилади. АҚШда мазкур дастур 1970 йилдан бери амалда қўлланилади. Бугунга қадар у ерда 30 мингдан ортиқ фуқаро ушбу дастур ҳимоясига бўлган. 2010 йилги тадқиқотларга кўра, 90 фоиз ҳимоя остига олинган гувоҳлар тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган собиқ жиноятчилардир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги