22:46 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир дастур амалга оширилади

08.06.2018 12:31 msk

Фарғона

10 июндан Андижон вилоятида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни режалаштирган фуқароларга доимий ёрдам, имтиёзли кредитларни берадиган дастурни амалга ошириш ишлари бошланади. 7 июнь куни Президент «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар беради Gazeta.Uz.

Андижон вилоятида ҳудудий дастурни молиялаштиришга Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Дастурда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш кўзда тутилган.


Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти мисолида дастур моҳияти билан танишмоқда. Президент матбуот хизмати сурати

Мазкур дастур Ўзбекистоннинг барча шаҳар, туманлари, жумладан, олисдаги табиий иқлими оғир бўлган ҳудудларни ҳам қамраб олиши керак.

Жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш кўзда тутилган.

Қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбалари яратилади.

Бундан ташқари, вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширилади.

Дастур доирасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун — энг кам иш ҳақининг 150 баробаригача, рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари учун — 1000 баробаригача ва тадбиркорлик субъектларининг инвестицион лойиҳаларини кредитлаш учун — 1000 баробардан ошиқроқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилади.

Ҳар ойда дастурни амалга ошириш ишлари бўйича молия вазири ўринбосари Абуҳафиз Каримов, иқтисодиёт вазири ўринбосари Акмалхон Ортиқов ва Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Адҳам Исломовлар президентга ҳисобот бериб борадилар.

Эслатиб ўтамиз, май ойида президент Шавкат Мирзиёев банкларга андижонлик тадбиркорларга йиллик 3 фоиз миқдорида кредит ажратишни буюрганди. Кредит паррандачиликдан тортиб асаларичиликка қадар бинес турларини ривожлантиришга берилади. Шунингдек, имтиёзлик кредит сартарошхона, қандолатчилик, таъмирлаш устахоналари каби хизмат кўрсатиш соҳаларига ҳам ажратилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги