06:11 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қорақалпоғистонда талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбарлар ишдан бўшатилди

07.06.2018 16:35 msk

Фарғона

Рашид Курбаниязов. ҚДУ сайти фотоси
Қорақалпоқ давлат университетининг кимё-технология факультети декани Рашид Курбаниязов ва кимё-технология кафедраси мудири Махсет Айимбетов талабаларни қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий равишда жалб қилганлари боис ўз эгаллаб бурган ишларидан озод этилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Иккинчи июнь куни Xabar.uz сайтида Қорақалпоқ давлат университети Химия-технология кафедра мудири Махсет Айимбетов химия-технология факультетининг нефть ва газни қайта ишлаш технологияси таълим йўналиши гуруҳларида таҳсил оладиган 80 нафар талабани дарсларидан озод қилдириб, Нукус туманидаги ўзининг «Шортанбай танги» фермер хўжалигига дала ишларига мажбурий турда меҳнатга жалб қилгани хақида маълумот берилганди.

Талабалардан бири керакли органга (қайсилиги кўрсатилмаган) шикоят қилади. Шундан сўнг орган ходими ушбу хабарнинг рост ёки ёлғон эканлигини текшириш мақсадида университетга келади. Қараса, ҳақиқатан ҳам аудиториялар бўм-бўш. Деканат «талабалар тушдан кейин ўқийди» деб важ айтади. Лекин дарслар жадвали бўйича эрталаб ўқиши керак.

Вазиятнинг қалтис кетаётганидан хабар топган М.Айимбетов талабаларни шошилинч дарсга қайтариш пайига тушади. Оқибатда талабаларни мажбурий меҳнатга ёллагани сабабли университетнинг иккита раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.

Айнан Айимбетов 2011 йили пахтани яхши термаган талабаларни калтаклаган. YouTubeга юкланган видеода педагог ўқувчиларни тарсакилаб ураётгани тасвирга олинган.

Талаба ва бюджет ташкилотлари ходимларини қишлоқ хўжалик ишларига мажбурлаш Ўзбекистонда одатий ҳолга айланиб қолганди. Талабалардан юракдан ишлашга ва зиммасига юклатилган режа бажарилмаган пайтда, олий ўқув юртидан ҳайдалишга рози экани тўғрисида тилхат ёздириб олинади. Бюджет ташкилоти ходимларидан эса далаларда кўнгилли бўлиб меҳнат қилаётганлари борасида тилхат олинади.

Шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятида содир бўлган фожиадан сўнггина, ҳукумат одамларнинг мажбурий меҳнатга ёлланишига қарши қонун даражасида чора кўришга мажбур бўлди. Жумладан, маҳаллий ҳокимят талаба ва ўқувчилар, маориф, тиббиёт муассасалари ходимлари меҳнатидан фойдаланишни бас қилиши лозим. Тартиб бузилган ҳолда янги қонунга кўра, бу ҳақда дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилади ва одамларни мажбурий меҳнатга сафарбар қилган мулозимлар жавобгарликка тортилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги