12:49 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Молия вазирлиги тизимидаги ўзгаришлар

07.06.2018 15:18 msk

Фарғона

Ўзбекистон Молия вазирлиги биноси. Gazeta.uz сайти фотоси
2018 йил бошидан Молия вазирлиги тизимида 93 нафар раҳбар, жумладан 54 нафар молия органлари мудирлари, 28 нафар ғазначилик бўлимлари бошлиқлари ва жойлардаги Давлат молия назорати бош бошқармаларига 11 нафар бошлиқ тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради

Икки ой ичида олти нафар раҳбар вилоят даражасидаги лавозимларга тайинланди: Фарғона вилояти ва Тошкент бош молия бошқармаси бошлиқлари, Тошкент Давлат молия назорати бош бошқармаси бошлиғи, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ғазначилик бошқармаси бошлиқлари ва Хоразм вилояти Пенсия жамғармаси бошқармаси бошлиғи.

Молия вазирлиги тизимидаги ялпи ўзгаришлар ўтган йил декарбь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг танқидидан сўнг бошланди. Ўшанда президент Молия вазири Жамшид Қўчқоровдан қисқа вақт ичида вазирликни виждонсиз ходимлардан тозалашни талаб қилганди. Уларнинг ўрнига “ватанни севадиган ёшлар”ни тайинлаш тавсия этилган. Буйруқ бажарилмаган тақдирда Қўчқоровнинг ўзи ҳам ишдан кетиши тўғрисида огоҳлантирилганди.

Орадан бир неча кун ўтиб раҳабарият тизимидаги 50 нафар ходим ишдан бўшатилгани, жумладан, солиқ ва божхона сиёсати департаменти раҳбари Ирина Голишева ишдан кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Умумий ҳисобда 2018 йилга қадар молия тизимида 500 дан ортиқ ходимлар вазифаларидан озод этилди.

Январь ойида Молия вазирлигига ишга жойлашиш ҳақида 800 дан ошиқ аризалар келиб тушгани маълум бўлди. Ташкилот талабига кўра, номзодлар олий иқтисодий маълумотга эга бўлиши, компьютерда ишлашни яхши билишлари керак. Шунингдек, улар рус тилини яхши ўзлаштирган бўлиши, имкон даражада инглиз тилидан хабардор бўлишлари керак. Ойлик маош - 1,5 млн сўмни ($187) ташкил этади, шунингдек, 530 сўм ($66) транспорт ва озиқ-овқат сарфига берилади. Бундан ташқари, бажарилган иш якунига қараб ойликнинг 20 фоизидан 100 фоизигача персонал қўшимча ҳақ тўланиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги