22:46 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон бош прокуратураси Рашид Қодиров иши бўйича 21 одам ҳисбга олинганини маълум қилди

06.06.2018 13:10 msk

Фарғона

Рашид Қодиров. Catoday.org сайти фотоси
Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга қарши очилган жиноят иши бўйича 24 кишига айблов эълон қилинди, уларнинг 21 нафарига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олиш чораси қўлланилган. 5 июнь куни ўтказилган брефингда Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мансур Ўролов шу ҳақда хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, тергов жараёнида лавозимга кадрлар тайинлаш ишларида тартиблар бузилиши, пора олиш ҳолатлари аниқланган. Ўролов “тергов сирларини ошкор қилмаслик” учун бошқа далиллар тўғрисида сўз очмаган.

Брифингда Бош прокуратуранинг жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Икромжон Исканов яқинда журналист Бобомурод Абдуллаев судида иштирок этган прокурор Баҳром Қобиловнинг ишдан кетганига изоҳ берди. «Бу ходимимиз прокуратура идораларидан ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақидаги ариза асосида кетган. Унга нисбатан бирор бир тергов ҳаракатлари ёки биронта суриштирув ҳаракатлари ўтказилаётгани йўқ», –деб Исканов сўзларини келтиради «Хабар.uz».

Брифингда муҳокама қилинган масалалардан яна бири Бош прокуратуранинг журналистлар билан ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ бўлди. «Хабар.uz» мухбири назорат идорасининг жойлардаги бошқармалари “марказ” матбуот хизмати билан келишмасдан туриб, маълумот беролмаслиги тўғрисидаги саволига Бош прокуратура “оммавий ахборот воситалари учун очиқ”, деган жавобни олди.

Рашид Қодиров Ўзбекистон Бош прокуратурасини 2000 йилдан 2015 йилгача бошқариб келган ва республиканинг энг бой одамларидан бири саналган. У 2018 йил 22 февралда ҳибсга олинади. Дастлаб Бош прокуратура бу хабарни инкор қилди, лекин 24 февраль куни уни тасдиқлади. Қодировга товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби моддалар бўйича айблар қўйилган. Рашидов иши билан шуғулланаётган терговчилар собиқ Бош прокурор ишбилармонлардан поралар олганига доир маълумотларни йиққани маълум. Аризаларда кўрсатилган сумма - ярим миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Аввали оммавий ахборот воситаларида Қодиров иши бўйича юқори мансабдаги амалдорлар қўлга олингани тўғрисида хабарлар берилганди. Хабарларда Собиқ Бош прокурорнинг ўринбосари Улуғбек Суннатов, собиқ президент Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев, собиқ Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коппурцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Ҳурамов номлари тилга олинган. 7 март куни Ўзбекистон ИИВ Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров халқаро қидирувга берилганини маълум қилди. У товламачилик ва фирибгарликда айбланади.

Май ойи сўнггида президент Шавкат Мирзиёев яқин икки-уч ой ичида Рашид Қодиров телевидение орқали ўз жиноятларини гапириб беришини ваъда қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги