23:17 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хитой тараққиёт банки Ўзбекистонга $250 млн кредит ажратади

06.06.2018 10:21 msk

Фарғона

Хитой тараққиёт банки биноси. Cdb.com.cn сайти фотоси
Хитой тараққиёт банки тадбиркорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонга $250 млн кредит ажратади. Бунга доир шартнома 5 июнь куни Пекинда имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизмати.

Пекинда 9-10 июн кунлари Хитойда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Хитой Давлат тараққиёт банки билан 250 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит битимини имзолади. Кредит импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга сарфланади. Маблағ юқори технологияли жиҳозларни сотиб олишга ажратилади. Кредитдан Ўзбекистондаги барча тадбиркорлар фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёевнинг ўтган йил Хитойга қилган давлат ташрифидан кейин янги туртки бўлган икки мамлакат ўртасида тузилган узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик туфайли мазкур битим имзоланди.

Ўзмиллийбанк 2006 йилдан бошлаб ХДТБнинг 5 та кредит линияларини жалб этган бўлиб, уларнинг доирасида сайёҳлик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, мева ва сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш каби иқтисодиётнинг турли тармоқларида 450 дан ортиқ лойиҳалар молиялаштирилди.

Жумладан, мазкур банк берган кредит ёрдамида 2011 йили “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси беш дона Airbus 320-200 самолётларини сотиб олган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Жаҳон банки Ўзбекистон учун энергиядан тежамли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва тиббиётни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришга $940 млн маблағ ажратган эди. Жаҳон банки умумий ҳисобда Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга ошириш учун $2,8 млрд сарфлади. 2018 йил биринчи кварталига кўра, Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида ҳалқаро банклардан кредит олиш бўйича етакчи ўринни эгаллаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги