22:46 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Петербург Ўзбекистонда ишчиларни ёллаш марказларини 12 баробарга кўпайтиради

05.06.2018 17:30 msk

Фергана

Петербург қурилишидаги ишчи. Piter-news.net сайти фотоси
Санкт-Петербург ҳукумати Ўзбекистонда ишчиларни жалб қилиш марказларини 12 баробарга кўпайтириб, уни республиканинг барча вилоятларида очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ишчи ресурслар маркази” ташкилотининг раҳбари Алексей Чистяков сўзларига таянган ҳолда «Город 812» хабар беради.

Шимолий пойтахтда 2014 йилдан бери чет эл ишчиларини жалб қилиш дастури амалга оширилади. Шаҳар маъмурияти ташаббуси билан чет элларда ишчиларни ёллаш марказлари ташкил этилмоқда. Марказ жойларда одамларга Россияда ишлаш тартибини тушунтириб, тиббий ҳужжатларни расмийлаштиради, касб бўйича имтиҳонлар олади ва видео-мулоқотлар уюштиради. Бу каби марказлар Тожикистонда учта, Қирғизистон ва Ўзбекистонда биттадан ташкил этилган.

2015 йили мазкур марказларга бир ярим минг одам учраган бўлса, 2017 йили 10 минг мурожаат қилган. Ўтган йили ташкиллаштирилган тартибда Петербургда 2036 нафар чет эл фуқароси ишга жойлаштирилган. Лекин Чистяков сўзларига кўра, шаҳар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан келадиган кўплаб ишчи кучига муҳтож.

«2018 йил сўнггига қадар Ўзбекистонда камида иккита, иложи бўлса бундан ҳам кўпроқ шундай марказлар очишни режалаштирганмиз. Улар вақти келиб барча вилоятларда очилади. Тожикистон ва Қирғизистонда марказлар Санкт-Петербург бюджетидан молиялаштирилади. Биз Самарқандда давлат-ҳусусий шериклик асносида марказ очдик. Россиядан инвесторларни жалб қилдик», - дейди Чистяков.

Унинг сўзларига қўра, марказларда бўлажак ишчилар учун Россияга келиш учун қанча ҳаражат талаб қилиниши тушунтирилади. «Биз уларга Россияга келмасиданоқ ҳунари йўқ одам бу ерда қандай муаммоларга дуч келишини тушунтирамиз. Масалан, Петербургда чет эл фуқароси учун бир ойда ўртача патент, ётоқ, еб ичиш учун 20-22 минг рубль ($322-354) сарф бўлишини айтамиз. Иш берувчилар эса одатда 25-30 минг рубллик ($402-483) ишларни таклиф қилишади. Бу ишчига мутлоқ фойдасиз таклиф! Одамлар бундай ҳаражатларни олдиндан инобатга олмасдан,бу ерда ишлаётган танишлари, дўстлари, қўшнилари таклифи билан ишга келишади», - дейди “Ишчи ресурслар маркази” директори. У жойларда ташкил этилган марказлар орқали Петербургга ишга келган чет элликлар бир ойда ўртача 30-35 минг рубль ($483-563) ойлик олишини маълум қилди.

“Ишчи ресурслар маркази” маълумотларига кўра, Петербургда бир миллионга яқин четдан келган одамлар ишлайдилар. Уларнинг 220 минг нафари чет эл фуқароларидир. Умумий ишчи мигрантларнинг 72 фоизини ташкил этган ҳолда Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллайди. Иккинчи ўринда Тожикистон, учинчи ўринда Украина туради.

Бир пайтнинг ўзида Россиянинг айрим ўлкаларида чет эл фуқароларини ишга ёллаш чекланмоқда. 2018 йили Ёқутистонда патент асосида ишлаётган чет элликлар учун меҳнат турлари рўйхати қисқартирилган. Рўйхат қурилиш ва кон ишларидаги тақиқ билан бойитилди. Сахалинда эса ички ишлар органи томонидан область депутатлари Думасига чет элликлар учун ман этилган меҳнат соҳаларини 12 дан 30 гача кўпайтириш таклифи киритилди. 2016 йилдан бошлаб Сахалинда чет эл фуқароларига автобус ҳайдаш, савдо ва қурилишда ишлаш, нон ва кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларида меҳнат фаолиятини юритиш ман этилади. 2017 йили бу рўйхатга қўриқлаш агентликлари, мактаб ва касалхоналарда ишлаш тақиқи қўшилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги