22:47 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Назарбоевнинг қизи Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий “ипак йўли визаси”ни жорий этишни таклиф қилди

05.06.2018 15:00 msk

Фарғона

Дарига Назарбоева. КТК лавҳаси
Қозоғистон президентининг тўнғич қизи Дарига Назарбоева Марказий Осиёга бой сайёҳларни жалб қилиш учун Европадаги Шенген визасига ўхшаш осиёча “Silk viza” номи билан умумий визани жорий этиш таклифини киритди. Бу ҳақда у мамлакатнинг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Сариёғоч шаҳрида ўтказилган анжуманда гапирди.

Мамлакат парламентининг ҳалқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг раҳбари Назарбоеванинг фикрича, Қозоғистон ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, “узоқ хориждан Марказий Осиёнинг диққатга сазовор жойларини кўрмоқчи бўлган сайёҳларни” жалб этиш учун умумий визани жорий қилиш айни муддаодир.

«Европа ва Жануби-Шарқий Осиёлик туристлар учун Марказий Осиё деярли узоқ минтақа ҳисобланади. Шунинг учун улар бир ташриф мобайнидаги Марказий Осиёнинг турли ўлкаларини бирданига томоша қилишни хоҳлайдилар. Бунинг учун умумий виза режимини жорий қилиш керак. Биз бугун ўзимизнинг “осиёча шенген”имиз ҳақида фикр юритдик. Уни “Silk visa” деб аташ мумкин», — дея КТК телеканали Назарбоева сўзларини келтиради.

«Очиқ, дўстона, шаффоф чегарани ташкил этиш керак, ана шунда барча соҳалардаги алоқалар ўз-ўзидан жойига тушади», — деди Назарбоева. Шунингдек, у чегарадаги назоратни яхшилаш учун барча божхона тадбирларини бир маромга келтириш, ахборот тизимини модернизация қилиш зарурлигига эътибор қаратди.

Бу таклиф қозоқ ва ўзбек сенатининг халқаро алоқалар қўмиталари депутатлари билан бўлган учрашувда айтилди. Икки мамлакат парламенти депутатлари ўз ҳукуматларига аниқ тавсиялар бериш, ҳамкорликда Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона алоқаларини ривожлантириш учун йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Шунингдек, улар йил сўнггида чорак қисмга кўпайиши кутилаётган савдо айирбошлаш ишлари, туризм соҳасини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Сенатининг қўмита раиси Алишер Қурманов “мазкур учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳал этилмаган муаммоларнинг йўқлигини кўрсатди”, деб таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йили икки мамлакат ўртасида транспорт, авиация, темир йўл ва автобус қатновларини ривожлантириш бўйича келишувлар имзоланганди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида тўхтаб қолган автобус қатновлари орадан 17 йил ўтиб, 2018 йил январь ойида қайтадан тикланди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги