12:48 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги ўзгаришлар

05.06.2018 09:43 msk

Фарғона

Ўзбекистонда 2018−2019 ўқув йилида бакалавриат, магистратура ва махсус сиртқи бўлимларга талабаларни қабул қилиш квотаси қарийб 8500 нафарга оширилди. Сиртқи ва кечки бўлимларга қабул квоталари кейинроқ эълон қилинади. Квоталар президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 июндаги қарори билан тасдиқланган, деб хабар беради Gazeta.Uz.

Ўзбекистон ОМТларида давлат гранти - бюджет ва пулли - контракт асосида ўқиш мумкин. Умумий қабул квотаси қарийб 8500 нафарга ошиб, 78701 дан (грант бўйича — 19725, тўлов-контракт — 58976) 87165 тага (19240, 67925) етди.

Бакалавриат кундузги бўлимларига 1714 нафар талаба кўпроқ қабул қилиниб, жами 69460 нафарга етади (ўтган йили — 67746). Уларнинг 17669 нафари грант, 51791 нафари шартнома асосида қабул қилинади.

Магистратурага қабул квотаси қарийб 1000 нафарга ошиб, 5940 (5000) нафарга етади. Уларнинг 1556 нафари (ўзгаришсиз) грант бўйича таҳсил олса, 4384 нафари (3444) шартнома асосида ўқийди.

Бакалавриатнинг махсус сиртқи бўлимларига қабул сони қарийб икки баробарга ошиб, 11765 нафарга етказилди (ўтган йили — 5955). Уларнинг 15 нафари (ўзгаришсиз) грант асосида таҳсил олса, 11750 нафари (5940) шартнома бўйича таълим олади.

Қарор билан бакалавриатда 16 та (бизнес-информатика, ёруғлик техникаси, биотиббий физика ва бошқалар), магистратурада эса 18 та (рақамли иқтисодиёт, ярим ўтказгич материаллар нанотехнологияси, суғурта аудити ва бошқалар) янги йўналиш ва мутахассисликлар жорий этилади. Қарор асосида бакалавриат ўқув муддати Ғарб мамлакатлари андозасига кўра,тўрт йилдан уч йилга қисқартирилган.

Хориж тажрибаси ва кадрларга бўлган талабни қондириш мақсадида ушбу қарор қабул қилинган. Ўқув режалари ва дастурларига янгича малака талаблари тайёрланади. Асосий урғу билимларни мустақил эгаллашга қаратилади. Қарорда ОТМлар ва потенциал иш берувчилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни такомиллаштириш кўзда тутилган. Эндиликда ОЎМТВ кадрлар буюртмачилари билан ҳар йили ўқув йили бошлангунга қадар ОТМларнинг ўқув режалари ва дастурларини кўриб чиқади. Битирувчилар кўникма ва малакаларидаги камчиликлар ҳар чоракда камида бир марта иш берувчилар билан биргаликда муҳокама қилинади.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида «Тиббий-профилактика иши» йўналиши бўйича талабаларни қабул қилиш қайта йўлга қўйилади. Янги ўқув йилида 100 нафар талаба, жумладан 10 талаба грант асосида қабул қилинади.

Ўзбекистонда 2021йилга қадар олий таълим муассасаларига бўлган квотани 18 фоизга ошириш режалаштирилган. Кейинги 15 йил ичида республикада олий таълим олишни хоҳловчилар сони икки баробарга ортган. 2017 йилдан берилган квотадан ташқари “суперконтракт” асосида абитурентларни қабул қилиш ишлари йўлга қўйилди. Республика Молия вазирлиги инфляция ва дефляцияни ҳисобга олган ҳолда йил давомида “суперконтракт” асосида ўқийдиганлар учун нархни ўзгартирмасликка қарор қилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги