08:47 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон 70 минг тонна импорт маҳсулотларини ўз ҳудудига киритмади

04.06.2018 16:33 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Ўзбекистон йил бошидан касаллик ва хавфли организмлар топилган 70 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалик маҳсулотларини мамлакат истеъмол бозорига киритмаган. Бу ҳақда республика ҳукумати қошидаги ўсимликлар карантини давлат инпекцияси маълумотларига таяниб Gazeta.uz хабар беради.

Мутахассислар 17 хил карантин объектларини аниқлаганлар. Таркибида зарарли организмлар топилгани боис Покистондан келтирилган 30 минг тонна, Голландиядан 3,5 минг тонна, Россиядан минг тонна, Германиядан 300 тонна, Қозоғистондан 132 тонна картофель мамлакатга киритилмаган.

Карцинома бактерияси топилгани туфайли 60 минг туп ёнғоқ кўчати Италияга қайтариб юборилган, 90 минг тонна пахта чигити Туркияга, заҳарланган 24 тонна апельсин ва олма Покистонга қайтарилган. Миср ва Эрондан сотиб олинган 60 тонна цитрус мевалари зарарсизлантирилган. Грециядан келтирилган 400 кг уруғда зарарли организмлар топилгани учун улар йўқ қилинган.

Карантин инспекцияси ходимлари барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чегарада карантин ва лаборатория экспертизасидан ўтказилишини таъкидлайдилар. Агар маҳсулотда хавфли организм ёки бактериялар топилса, у ҳолда маҳсулот жойида зарарсизлантирилади ёки экспорт қилган мамлакатга қайтарилади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон четга чиқараётган қишлоқ маҳсулотлари ҳам айрим пайтлар бошқа давлатлар карантин кўригидан ўтолмайди. Масалан, май охирида “Росселхознадзор” Россия чегарасидан Ўзбекистондан келтирилган 17 тонна ўрик ва 23 тонна гилос меваларини киритмаган. Катарантин фитосанитар кўриги маҳсулотлар ҳужжатларда белгиланган тартибдаги маълумотларсиз экспорт қилинганини аниқлаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги