08:48 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент метросида суратга олишга расман рухсат берилди

04.06.2018 16:31 msk

Фарғона

1 июндан Тошкент метросида фото, видео тасвирга олишга расман рухсат берилди. «Тошкент метрополитенидан фойдаланиш тартиби» пунктига мана шундай қўшимча киритилди ва метро бекатлари ва вагонларга бу ҳақда ёзувлар пайдо бўлди, деб хабар беради «Газета.uz».


Тошкент метроси бекати. Afisha.uz сайти фотоси

«Тартиб»нинг 5.11 пунктида метрода нафақат “кино, фотони суратга олиш”, балки “бошқа мобил воситаларида тасвирга олиш, магнитафон, қулоқчинли радиоприемник, мусиқа асбобларидан фойдаланиш” ҳам тақиқланганди.


Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов ва пре-зидент матбуот хизмати ҳузуридаги медиа-марказ бошлиғининг биринчи ўринбосари Бобур Усмонов. 24 май куни метронинг Навоий бекатида Repost.uz олган сурат.

2018 йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев қарорига изоҳ бераркан, ўша пайтдаги Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасининг раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент метросида суратга олишга рухсат берилиши ҳақида гапирганди. Ҳужжатда туристлар “маълум руйхатга киритилган иншоатлардан ташқари” жамоат жойлари, бино ва қурилишни эркин суратга олишларига рухсат берилиши ҳақида сўз юритилади.

«Метрода ҳам суратга олиш мумкин. Ҳеч қанақа муаммо бўлмайди. Бизнинг метро дунёдаги энг гўзал метро ҳисобланади. Биз уни реклама қилишимиз керак. Ҳозиргача мумкин эмасди, энди президент суратларга олишга рухсат берди», — деганди Абдуҳакимов.

Суратга олиш тақиқланган жойлар рўйхати ҳозирча эълон қилинмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги