12:48 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев болалар меҳнати туфайли мамлакат обрўсига путур етишидан хавотирда

01.06.2018 16:48 msk

Фарғона

Ўсмирлар пахта теримида. “Фарғона”архиви фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатидан воз кечишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай тажриба мамлакат нуфузига путур етказади. 29 май куни ўтказилган видеоселекторда айнан шу ҳақида гап борди, деб хабар беради Kun.uz.

«Бутун дунё ҳозир болалар меҳнати деб, ўзимизни ўзимиз аҳмоқ қилиб юрганмиз. Қаерга бормасак, болалар меҳнати. Ундан 2-3 миллиард фойдами, ёки ундан кўра обрўни, сиёсатимизни жойига қўйиш керакми. Абдулла Неъматович (Арипов), сизга бир ой муддат. Ўтган йилги тажрибани қўллаш лозим. Ҳеч қандай, биронта болалар меҳнати, мажбурий меҳнат керак эмас», – деган президент.

Шунингдек, Мирзиёев бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига ёллашга қарши чиқди. «Бюджет ташкилоти ҳеч қачон пахтага тегмайди, далада пахта ёниб кетса ҳам теккиздирмайман. Кимга керак пахта? Корхонага керак. Қайси корхона? Қайта ишлайдиган. Ўзини одамлари, ўзи бориб, пул тўласин, ўзи йиғсин», – деб қўшимча қилди Мирзиёев.

Ўзбекистон учун пахта – стратегик хом ашё ҳисобланади. Мамлакат пахта етиштириш ва уни сотиш бўйича дунёнинг олдинги ўнта мамлакатлари қаторидан ўрин олган. 2017 йили Ўзбекистонда 2,9 млн.тонна пахта ҳосили етиштирилган. Советлар даврида ҳам “оқ олтин” теримига юз минглаб, пахтага алоқаси йўқ - ўқитувчилар, талабалар, шифокорлар, ташкилот ходимлари сафарбар қилинарди. Яқин кунларгача пахта далаларида катталар қатори болағат ёшига етмаган ўсмирлар ҳам пахта теришга мажбур қилинарди.

Йил бошида Жаҳон банки томонидан “кредит олаётган ҳудудларда” мустақил мониторинг ўтказиш учун танланган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўз ҳисоботида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилгани ҳақида маълумот берди. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячилари амалда бу ишлар кўнгилдагидек эмаслигини эътироф этадилар. Уларнинг маълумотларига кўра, кейинги йилларда болалар оммавий равишда пахта теримига жалб этилмаган бўлсада, бироқ, айрим жойларда маҳаллий ҳокимлар босими остида мактаб директорлари ўқувчиларни далаларга олиб чиққан ҳолатлари қайд этилган. Ўтган йил кузда бундай босим кучли бўлган. Сабаби, талабалар пахта теримидан озод этилгандан сўнг, маҳаллий ҳокимят қўшимча ишчи кучини излашга мажбур бўлган.

2017 йил куз бошида республика Бош вазири пахта теримига жалб қилинган талаба ва бюджет ходимларини ортга қайтаришга буйруқ берди. Лекин орадан бир ой ўтиб, уларнинг айримлари “кўнгилли” равишда “ўз ташаббуси билан” пахта далаларига қайтганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги