12:48 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон хориж кинокомпанияларига Регистонни бепул тасвирга олишга рухсат берди

31.05.2018 14:13 msk

Фарғона

Ўзбекистон ҳукумати хориж кинокомпанияларини республиканинг тарихий - меъморий ва моддий меросларидан иборат объектларини бепул тасвирга олишга рухсат берди. Бу ҳақда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.


Ўзбекистонда ҳинд клипининг суратга олиш жараёни. Республика давлат туризми қўмитаси матбуот хизмати фотоси

Тарихий ва маданий меросга жумладан, қадим шаҳарлар, шаҳарларнинг тарихий марказлари, ўрта аср қўрғонлари, Хивадаги Ичон қалъа ва Самарқанддаги Регистон майдони каби архитектура мажмуалари киради.

2012 йил ҳукумат қарорига кўра, чет эл компаниялари бир кунлик тасвирга олиш ишлари учун 800 минг ($100) сўмдан маблағ тўлашлари керак эди. Энди бу тўлов бекор қилинган. Фақат мерос объектлари тасвири туширилган фильмнинг бошланиш ёки якуний қисмида титрлар орқали тасвирга олинган объект ва мамлакат номи берилган бўлиши керак. Бу жаҳон бўйлаб Ўзбекистон брендини илгари суришга хизмат қилади.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ҳукумати хориж компанияларига вақтинчалик дронларни олиб киришга рухсат берди. 2014 йили ҳукумат қарори билан четдан учувчисиз бошқариладиган мосламаларни олиб кириш тақиқланганди. Эндиликда дронлардан фойдаланмоқчи бўлган компаниялар Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” ёки Давлат туризми қўмитасига суратга олаётган гуруҳ ва объектлар борасида мурожаат қилса бас, рухсат берилади. Номи тилга олинган ташкилотлардан бири Мудофаа вазирлиги ва парвозлар хавфсизлиги назорат инспекциясини вақтинчалик дронлар олиб кирилишидан хабардор қилади, олинган рухсатномани тасвирчилар гуруҳига топширади.

Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилган янги чоралардан бири — президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Вазирлар маҳкамаси ижро тизимига киритилган ўзгаришлар бўлди. Туризм соҳаси Бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродов зиммасидан бошқа янги ўринбосар, собиқ туризм қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов тасарруфига ўтказилди. Президент қаририда бундай чора “туризмни мамлакатнинг стратегик иқтисодиёт соҳаси сифатида ривожлантириш самарасини ошириш мақсадида” кўрилгани таъкидланади. Аввали Мирзиёев туризм мустақиллик йилларида мутлоқ ривожланмаганини айтганди: «27 йил бизда туризм бўлмади. Мамлакат ёпиқ эди. Юртимиз ёпиқ бўлса, туристлар қандай қилиб келсин?»

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги