08:49 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бош муҳаррир фикри. Ўзбекистон экстремизм бўйича қидирувга берилган фуқаролар рўйхатини қайта кўриб чиқиши лозим

29.05.2018 11:22 msk

Фарғона

Даниил Кислов
«Эстремист, сепаратчи, фундаментал ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, унда иштирок этиш ва уни бошқариш». Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ушбу моддаси кейинги ўн йиллар давомида ҳукуматнинг мухолифат, фаол ва номаъқул деб топилган инсонларга босим ўтказишда энг қулай қуролига айланган эди.

Бугунги кун Ўзбекистонда вазият тубдан ўзгарган: янги президент барча соҳаларда, жумладан, ҳуқуқ ва судлов тизимида ислоҳотлар олиб боряпти. Каримов даврининг бош репрессив органи — Миллий хавфсизлик хизмати барҳам топди. Юқоридан “эстремист” ва “диний террорчилар”ни қамаш “режаси” берилмаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячилари аввалгидек ёппасига соқол қўйган ёки участка нозири, ҳокимга ёқмаган инсонларнинг “тиқиб қўйилмаётгани”га гувоҳлик бермоқдалар.

Бироқ, ҳанузгача МДҲ давлатлари бўйлаб “эстремизм” бўйича қидирилаётган ўзбекистонликлар рўйхати кезиб юрибди. Гумон қилинаётган фуқароларни ўзаро сўзсиз топшириш бўйича Минск конвенцияси мавжуд. Россия ҳукумати ҳанузгача ўз ватанида бундан беш, олти йил олдин жиноятчи деб эълон қилинган бегуноҳ инсонларни ушлаб топширяпти. Бу ҳақда деярли ҳар куни матбуотда хабарлар пайдо бўлади. Мана бир мисол:

«Петербургда ўз ватанида диний эстремист ташкилотда иштирок этганликда гумон қилинаётган марказий осиёлик фуқаро қўлга олинган. “Фонтанка”га маълум бўлишича, 27 май куни Невский ИИБ томонидан федерал қидирувда бўлган 32 - ёшли ўзбекистонлик фуқаро ҳибсга олинган. У ўз ватанида Ўзбекистон ЖК 244 - моддаси билан жиноят содир этилганликда гумон қилинади. Модда мазмуни “эстремист, сепаратчи, фундаментал ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, унда иштирок этиш ва уни бошқариш”дан иборат.

Россияда «Ўзбекистон рўйхати» бўйича одамларни нафақат ҳисбга оладилар, балки халқаро амалиётларга зид равишда уларни яширинча ўғирлаб, олиб кетадилар ҳам. Бу ерда россиялик ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг ўзбек ҳамкасбларига яхши кўринмоқчи бўлаётгани кундек равшан. Эски рўйхат билан депортация қилинган инсонлар қисмати анъанавий якун топади: жиноий иш қўзғатилганми, демак уни охиригача етказиш, яъни - қамаш керак...

Погонидаги “юлдузча”лар сонини кўпайтириш пайида бўлган россиялик полициячилар “даҳшатли эстремистлар” қўлга олингани тўғрисида дунёга жар соладилар, ўзларини терроризмга қарши жон-жаҳди билан курашаётгандек кўрсатадилар. Россия оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган шу мазмундаги хабарлар аввало “эстремист - мигрант” образини яратади. Бу эса жамият орасида “Ўрта Осиё - даҳшатли исломий жангарилар маконидир” деган афсонанинг пайдо бўлишига замин яратмоқда.

Шунинг учун Ўзбекистонда экстремизм бўйича қидирувга берилган фуқаролар рўйхати суд томонидан қайта кўриб чиқилиши, сохта айблов домига тушган инсонлар рўйхатдан ўчирилиши лозим.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги